Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг малакасини оширишга қаратилган ўқувларнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, мазкур ўқувлар жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандумининг илк натижасидир.
Ушбу малака ошириш ўқувлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Дастлаб мазкур малака ошириш ўқувларига танлов оммавий ахборот воситалари ҳамда ЎзННТМАнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали кенг оммага эълон қилинди. Унда иштирок этиш мақсадида республикамизнинг барча вилоятларидан 130 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг аризалари келиб тушди. Аризалар танлов комиссияси томонидан икки босқичда сараланди. Танловда назарда тутилган талаблар асосида 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари танлаб олинди.
Жорий йилнинг 22 ноябридан 3 декабрга қадар давом этадиган мазкур малака ошириш ўқувлари 72 соатлик махсус ўқув режа асосида олиб борилади. Ўқувларда ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қолаверса, молиявий барқарорликка эришиш, хорижий тажриба ҳамда раҳбар ходимнинг шахсий компетентлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилади. Ўқувларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Давлат бошқарув академиясининг сертификатлари топширилади.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари ушбу малака ошириш курслари мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият қурилишнинг устувор масалаларини амалга оширишда, эркин, очиқ, кучли фуқаролик жамиятини қуришда, жамият ҳаётини янада эркинлаштириш ва демократлаштиришдаги иштирокини фаоллаштиришига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Юқорида қайд этилган меморандумдан келиб чиқиб, шу каби қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари доирасида келгуси йилда 100 нафар, 2023 йилда 150 нафар, 2024 йилда 200 нафар ҳамда 2025 йилда 250 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини ўқитиш режа қилинган.