Хотирлаш инсоннинг жамиятдаги ўрни, эзгу, хизматларига муносабат демакдир. Замондошлари хотирасида яшаётган инсон иккинчи умрини давом эттираётган бўлади. Мухлислари, шогирдлари қалб кўридан жой олиш элу юрт ишқи билан ёнган, қалб кўрини халқига бахш этган инсонларга насиб этади.

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳар "Bilim"  ахборот кутубхона маркази тасарруфидаги Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон кутубхонасида  "Олтин манбаларда нурланган сўзлар” деб номланувчи Ғафур Ғулом ҳамда Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий кеча бўлиб ўтди.  Тадбир меҳмонлари: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасидан бир қатор шоир,  таржимон,  ҳамда ёзувчилар: Даврон Ражаб, болалар шоири Дилшод Ражаб, Шукрулло Абдуллаев ҳамда Сойиб Мирзо шулар жумласидандир. Шунингдек Республика маънавият ва маърифат марказининг Олмазор тумани бўлими раҳбари М.И. Алиева,

Туман кенгаши депутати, Олмазор тумани ҳокимининг давлат тилини қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслахатчиси Н. Мирзаева адибларга оид маърузалари билан иштирок этдилар.

Тошкент шаҳар" Bilim" АКМ директори Ҳафиза Каримова тадбирни очиб берар экан,   икки буюк аждодларимизнинг  қолдирган адабий ва   бой илмий меросларидан, нафақат ёшларнинг, балки уларнинг  ижодига катта қизиқиш билан қараган бутун дунё китобсеварлари ўзларига маънавий озуқа олаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Ижодий кеча давомида Олмазор тумани 219-мактаб ўқувчилари адиблар ижодидан бахру байт ҳамда "Асар қаҳрамонларини жонлантирамиз"  лойиҳаси доирасида Ғафур Ғуломнинг "Шум бола"  асаридан парча,  саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Сўнг китобхонлар ўзлари  қизиқтирган болалар адабиётига оид фикр мулоҳазалари билан ёзувчи ва шоирлар билан қизғин суҳбатлар бўлиб ўтди.

Дарҳақиқат, Ўзбек адабиётининг ХХ асрда катта ижодий довонларни забт этишида Муса Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг ҳамда Ғафур Ғуломнинг хизматлари, айниқса, каттадир. У устозлари Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг энг яхши адабий анъаналарини давом эттириб, ўлмас насрий ва шеърий асарлари, илмий ва адабий-танқидий мақолалари билан ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигини янги тараққиёт босқичига олиб чиқди.

Бу икки адиб асарлари бир мактабдир десак, муболаға бўлмас. Бизнинг зиё масканимиз ҳам шундай даҳо боболаримизнинг нодир асарларини ўқувчи  ёшларимизга ва китобхонларга тарғиб қилиб, уларнинг ижодиётидан илҳом олиш ва баҳраманд бўлишлари учун асосий билим даргоҳи вазифасини ўтаб  келаётганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Д.АЗИМОВА,

Тошкент шаҳар "Bilim"  АКМ ўқув заллари сектор мудири