Ушбу тақдимот тадбири Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳамда буюк мутафаккир аждодимиз Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва илмий-маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.

Таъкидлаш керакки, бундан 9 ой олдин ташкил қилинган Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан бугунги кунга қадар нашр этилган 30 номдаги китоб, жумладан, буюк алломаларимизнинг илмий меросини жамоатчиликка етказиш юзасидан Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асари 29-жузи, Мулла Али Қори “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржималари тақдим этилди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимлар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бағишланган 10 та халқчил рисола, замонавий исломшунослик масалаларига доир 6 та китоб, 6 та ақида матнлари, шунингдек, турли мавзуларга оид ўқув-услубий қўлланма, китоб ва рисолалар ҳам тақдим этилди. Тақдимотда “Мотуридийлик” илмий-маърифий журналининг нишона сони ҳам намойиш этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Марказ томонидан амалга оширилган нашрлар, уларнинг Имом Мотуридий илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти, хусусан, мўътадил таълимотни таъминлашдаги ўрни юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Жумладан, Туркиядаги Салжук университети Имом Мотуридий маркази директори Режеп Тузжу “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ўзбек тилига таржима қилиниши мусулмон оламида улкан аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда, ушбу хайрли ишга бош-қош бўлган Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Марказ илмий жамоасини муборакбод этди.

Мисрлик мотуридийшунос олим, илоҳиёт фанлари доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий Ўзбекистон Республикаси Президентининг Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этишга оид қарорининг амалий аҳамиятини юқори баҳолаган ҳолда, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини таржима қилиш таржимондан улкан маҳорат ва масъулият талаб этишини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, ғоявий зиддиятлар авж олган глобаллашув шароитида бу каби таржималарга улкан эҳтиёж мавжудлигини айтди.

Марказ томонидан тайёрланган китоблар мўътадил ислом таълимотини кенг тарғиб қилишда, ёшларни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзига хос ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.  

Шавкат ЁҚУБОВ,

 Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими