Шу муносабат билан Ҳиндистон Пресс клубида ташкил этилган тадбирда Ҳиндистон марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари, юртимиздан ушбу мамлакатга борган журналистлар ҳамда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси масъуллари қатнашди. Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётган ҳамкорликни кенг ёритиш, икки давлат журналистларининг ўзаро алоқаларини ривожлантириш, ОАВ вакилларининг тажриба алмашувини самарали йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан фикрлар билдирилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёровлар иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда, хусусан, медиа соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, матбуот ва сўз эркинлигини, очиқликни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритди.
– Халқларимиз ўртасида дўстона муносабатларнинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади, – дейди Ҳиндистон Пресс клуби президенти Гаутам Лаҳири. – Кейинги йилларда ана шу муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Журналистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, малака ошириш муҳим. Бугун имзолаган ҳужжатимиз мамлакатларимиз ОАВ вакилларига шундай имкониятлар яратиб беради, деб ўйлайман. Биз сентябрь ойида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишиш учун юртингизга боришни режалаштирмоқдамиз.
Имзоланган ҳамкорлик меморандумига кўра, томонлар икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро ахборот алмашувига кўмаклашади. Биргаликда халқаро конференциялар ва матбуот анжуманлари ўтказади, пресс-турлар ташкил қилади. Шунингдек, журналистлар малакасини ошириш ва ходимларни қайта тайёрлашда ҳамкорлик қилинади, ўқув семинарлари ташкил этиш жараёнида тажрибали журналист ва экспертлар айирбошланади, ўзбек ва ҳинд оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилиши қўллаб-қувватланади.
Тадбир якунида Ҳиндистон Пресс клуби президенти Гаутам Лаҳирига Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг совғаси топширилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Ахборот хизмати