Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ташаббуси билан "Ўзбекистонга бориш учун 10 сабаб" номли рисола турк тилида нашр этилди.

Элчихонанинг туризм ва маданий-маънавий соҳадаги тарғибот-ташвиқот ишлари доирасида чоп қилинган ушбу рисолада бугунги кунда туризм соҳаси Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг муҳим бўғинига айлангани алоҳида қайд этилган.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Ўзбекистонга саёҳат учун 10 та сабаб алоҳида бўлимлар воситасида  ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилингани ҳолда ҳар бир сарлавҳа остида камида 10 тадан мисол келтирилган.

"Қадим шаҳарлар" номли биринчи сарлавҳа остида мамлакатимизнинг шонли тарихи ҳақида қисқача маълумот берилгани баробарида Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган "Учинчи Ренессанс"нинг моҳияти ҳам очиб берилган. Унда, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон, Наманган ва Нукус каби шаҳарларнинг сайёҳлик салоҳияти, бу ерлардаги осори-атиқалар ҳақида атрофлича ҳикоя қилинади.

Журналнинг иккинчи бўлими "Зиёрат туризми"га бағишланган бўлиб, унда мамлакатимизнинг мазкур йўналишдаги улкан салоҳиятига урғу берилган.

Рисоланинг бошқа бўлимлари "Буюк шахслар", "Беназир музейлар","Табиат ғаройиботлари", "Муҳташам фестиваллар", "Муштарак урф-одатлар","Мўл-кўл бозорлар", Ҳунармандчилик асарлари" ва "Мислсиз лаззатлар" деб номланган.

Мазкур рисола Туркияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада кенг тарғиб қилишга ҳамда ушбу мамлакатдан юртимизга сайёҳлар оқимини янада оширишга кўмаклашиши шубҳасиз.