Бугун, Қоракўл тумани «Хўжалар» МФЙ ҳудудида «Мегапрестиж» МЧЖ томонидан барпо этилиши режалаштирилган турар жой ва савдо мажмуасининг қурилиш жараёнларига старт берилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги қурилиш комплекси ташкилот раҳбарлари, туман сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Вилоят раҳбари мажмуа лойиҳаси билан танишар экан, соҳа вакилларига мажмуа қурилиш жараёнларига замон талабларидан келиб чиқиб ёндашиш, аҳоли учун зарур инфраструктурани яратиш ва энергия тежамкор ресурслардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади.
Лойиҳа ташаббускори, тадбиркор, Комил Рўзиев томонидан етакчи қурилиш ташкилотларини жалб этган ҳолда 8 гектардан ортиқ майдонда 852 хонадондан иборат 22 та кўп қаватли турар жой бинолари қурилади. Шу билан бирга туманда аҳоли учун қулай имкониятлар яратиш мақсадида 180 ўринли боғча ҳамда 1850 ўринли мактаб, 2 та спорт мажмуаси барпо этилиши ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, 2 та замонавий ўқув маркази, меҳмонхона ҳамда кўнгилочар масканлар қад ростлайди.
Ушбу мажмуа «Янги Ўзбекистон» массивлари доирасида қурилаётган дастлабки бунёдкорлик комплекси бўлиб, келгусида бу каби масканларни туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил қилиш режалаштирилган.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири