Рости, ўша пайти мазкур нашрни варақлаётиб, бирон-бир тадбирга бағишлаб фақат бир марта чоп этиладиган журналлар ҳақида ўйлагандим, хаёлимдан “Самарқандим” - ҳам шундайлар сирасидан эмасмикин деган ўй ўтганди.
Ўйлаганимдек бўлиб чиқмади. 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида “Самарқандим” - “My Samarkand” журналининг иккита сони босмадан чиқиб, кенг жамоатчилик-устоз журналистлар, сиёсатчилар, зиёлилар-ижодкорлар қўлига етиб ҳам борди. Эътиборли жиҳати, журнал жорий йилдан бошлаб нафақат ўзбек, балки инглиз тилида ҳам нашр этилмоқда. Инглиз тили жаҳон тили экани эътиборга олинса, “MY SAMARKAND”ни энди дунё аҳли ўқийди.
Чет элликлар билан кўп бор мулоқотда бўлган журналист сифатида биламанки, хорижликлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда, жумладан, Самарқандда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни ишончли манбалардан олишни истайди. Эндиликда улар бу жараёнда “MY SAMARKAND” дан ҳам фойдаланади, деб ўйлайман.
Техника, интернет журналистикаси ривожланган, ижтимоий тармоқлар орқали ҳамма ўз фикрини бемалол билдираётган, сунъий ақл имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб бораётган даврда яшаяпмиз. Айни кунда телефондан, компьютердан, планшет ёки ноутбук каби замонавий техника воситларидан бўшамаётган аҳоли эътиборини босма оммавий ахборот воситалари – газета ва журналларга қаратиш осон иш эмас. Маълумки, миллий медиа майдонимизда юзага келган кучли рақобатга ҳамма газета ва журналлар ҳам дош бераолмаяпти.
Миллий ва дунё медиа оламида ана шу каби янгиланиш ва рақобат таъсири ҳукм сураётган бир пайтда янги газета ва журналларнинг чоп этила бошлагани, улар ўз ўқувчиларини топаётгани кўнгилни равшанлаштиради. Ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп “Самарқандим” - “My Samarkand” журнали бунга бир мисол.
Мазкур нашрга, журнал таҳрир ҳайъатига Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Рустам Холмуродовнинг раҳбарлик қилаётгани, журналистика соҳаси назария ва амалиёти бўйича катта тажрибага эга Фаррух Ҳамроевнинг “Самарқандим”га бош муҳаррирлик қилаётгани, журнал таҳрир ҳайъати таркибида маҳаллий ва хорижлик академик ва олимлар, сиёсатчи ва экспертларнинг борлиги ҳам унда чоп этиладиган материаллар савияси не чоғли эканидан сўзлайди.
“Самарқандим” - “My Samarkand”нинг жорий йил 1 ва 2 сонларидан ўрин олган “Президент Шавкат Мирзиёевнинг озод тафаккур ғояси ҳақида ўйлар”, “Ватан ва виждон”, “Самарқанд қалби...”, “Қалбимда абадий из қолдирди...” сарлавҳали материллар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййид ҳамда “Халқ сўзи” ва “Народное слова” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматнинг ижод намуналари билим ва маънавиятингизни бойитади.
Бир мулоҳаза. “Самарқандим” - “My Samarkand” СамДУ муассислигида чоп этилмоқда. Назаримда “Самарқандим” га камида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги даражасида эътибор зарур деб ҳисоблайман. Чунки мамлакатимизда шу пайтгача бирор бир тарихий шаҳар номида журнал чоп этилгани йўқ. “Самарқандим” - “My Samarkand” бу борада биринчи. Аслида жаҳон тажрибасида тарихий шаҳарлар номи билан нашр этиладиган журналлар бор. Бунга “Истанбул”, “Рим” каби журналларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Маълумки, 1913 йил 20 августда Самарқандда жадидлар раҳнамоси Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан биринчи ўзбек тилидаги “Ойина” журналига асос солинган эди. Орадан 111 йил йил ўтиб Самарқандда “Самарқандим” журналига тамал тоши қўйилгани эътиборга молик.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б.