Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратилиб, қонунчиликда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида айрим муаммоларга дуч келаётганини кўришимиз мумкин.
Уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида 215 нафар тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кўриб чиқилиб, тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий кўмак берилиши, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоят адлия бошқармасига Т.Раҳимжонов мурожаат қилиб, бузилган савдо дўкони учун компенсация тўловларини ундириб беришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Маълум бўлишича, Зангиота туман ҳокимининг 2019 йил 10 июндаги 3699-сонли қарорига асосан Т.Раҳимжановга тегишли савдо дўкони бузилган бўлиб, бироқ бузилган дўкон учун компенсация пули тўланмаган.
Тадбиркорлик субъекти бир неча бор Зангиота туман ҳокимлигига бузилган дўкони учун компенсация пулларини тўлаб берилишини сўраб мурожаат қилган, бироқ ҳокимлик томонидан компенсация пуллари тўланмасдан келинган.
Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан Т.Раҳимжановнинг мурожаати тўлиқ ўрганиб чиқилиб, унинг бузилган дўкони учун Зангиота туман ҳокимлигидан компенсация пулларини ундириш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суднинг 2022 йил 6 апрелдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент вилоят адлия бошқармасининг даъво аризаси қаноатлантирилиб, тадбиркор Т.Раҳимжанов фойдасига 3 млрд. 622 млн. 297 минг 653 сўм миқдоридаги компенсация пули ундирилиши белгиланди.
Жаҳонгир Алиев,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси
бўлим бошлиғи