ОАВлари вакилларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясининг асосий қоидалари, тамакига қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилиги ва энг яхши халқаро амалиёт, янги “инновацион” тамаки ва никотинли маҳсулотларни истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидлар билан таништириш анжумандан кўзда тутилган асосий мақсаддир.
ЖССТ маълумотларига кўра, тамаки туфайли ҳар йили бутун дунёда 8 миллиондан ортиқ киши оламдан кўз юмади. Ушбу ўлим ҳолларининг 7 миллиондан ортиғи тамакини бевосита истеъмол қилиш оқибати бўлса, 1,2 миллионга яқини — бу иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлган чекмайдиган одамлардир.
2021 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғғрисида”ги янги Қонун ишлаб чиқилди, айни пайтда ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига дахл қилади, тамаки ва никотин маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақлаш, аҳоли ўртасида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиниши даражасини камайтириш, юқумли бўлмаган касалликлардан касалланиш ва бевақт ўлимни камайтириш, миллат генофондини ҳимоя қилиш имконини беради.
Тадбир иштирокчиларига қуйидаги мавзуларда маълумотлар тақдим этилди:
— Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар аҳолиси ўртасида тамаки истеъмол қилиш бўйича эпидемиологик вазият;
— жамоат жойларида тамаки истеъмол қилиш бўйича тамакига қарши қонунчилик қоидаларига риоя этилиши, тамаки маҳсулотларининг таълим муассасалари атрофида (камида 200 метр масофада) сотилиши, тамаки маҳсулотларини сотиш жойларида уларнинг рекламаси, сотувини рағбатлантириш ва ҳомийлик қилиш устидан жамоатчилик мониторинги натижалари;
— Ўзбекистоннинг амалдаги тамакига қарши қонунчилигининг кучли ва кучсиз томонлари;
— тамаки саноатининг анъанавий тамаки маҳсулотларини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга жавобан стратегияси ва ҳатти-ҳаракатлари, янги тамаки ва никотин маҳсулотлари (қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, электрон сигареталар, тамакили ва никотинли снюслар ва ҳ.к.)ни истеъмол қилишга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар;
— носвой айланмасини қонунчилик билан тартибга солиш;
— Ўзбекистон Ҳукумати томонидан чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизматлар кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини сотиш соҳасида самарали жамоат назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар.
Тақдим этилган материаллар асосида, семинар-машғулот иштирокчилари “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тамаки эпидемиясига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар комплекси – MPOWER”ни, шунингдек энг яхши тажрибани эътиборга олган ҳолда Ўзбекистонда тамаки истеъмол қилишни қисқартириш бўйича кўрилаётган чораларни муҳокама қилдилар. Бунда, тамакига қарши қонунчиликни такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида”ги янги Қонунини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди, зеро бу ишларда ОАВлари вакилларининг ўрни катта аҳамиятга эга.
Семинар-машғулотнинг амалий қисмида иштирокчилар ишончли ахборот манбаларини излаш, ишончли ахборот материалларини тайёрлашнинг аҳамияти, ОАВларида чоп этиладиган ёки намойиш этиладиган материалларнинг шакли, ОАВлар ва ижтимоий тармоқлардаги фейкларга қарши ҳаракат қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир ОАВ вакилларининг долзарб ахборот материалларини тайёрлаш ва чоп этиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда Ўзбекистонда тамакига қарши самарали комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади.
Анжуман сўнгида журналистлар, мухбирлар ва блогерлар ўртасида энг яхши мақола ва кўрсатувлар туркуми учун танлов эълон қилинди. Танлов натижалари 2022 йил ноябр ойида эълон қилинади.
Нозимхон МАХМУДОВ,
“Ибн Сино” жамоат фонди ижрочи директори