Сенат раиси дастлаб Қўштепа туманида секторлар кесимида амалга оширилаётган ишлар, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, туманни “қизил” тоифадан чиқариш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди.

Туманнинг “Истиқбол” МФЙда «маҳаллабай» ишлаш “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга кўрсатилган тиббий, моддий ва маънавий кўмак, уларни бандлигини таъминлаш, томорқалардан мақсадли фойдаланиш ҳолатлари ўрганилди. Сенат раиси Саодатхон Умарова, Матлубахон Мирзаева ва Маъмурахон Турғуновалар хонадонида бўлиб, уларни “аёллар дафтари”дан чиқариш борасида қилинган ишлар билан танишди.

Бу фуқароларга маҳаллий ҳокимлик томонидан субсидиялар асосида иссиқхоналар қуриб берилган бўлиб, ҳозирда иссиқхоналарда булғорқалампир, бодринг каби полиз экинлари етиштирилмоқда.

Бу фуқароларга карантин даврида “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали моддий ва маънавий кўмак мунтазам равишда кўрсатилди. Уй-жойлари таъмирланди.

–  Аёллари бахтли юрт – бахтиёр юртдир. Шунинг учун Сизлар билан мулоқот қилиш, муаммоларингни тинглаш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашларингга кўмаклашиш мақсадида ўзим келдим, - деди Танзила Нарбаева.

Муножатхон Боқиеванинг 4 нафар фарзанди бор. Бу оила уй-жойга муҳтож эди. Туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши билан фойдаланилмай келган нотурар бино тадбиркор томонидан қайта реконструкция қилиниб ўнлаб муҳтож ва кўп болали оилаларга топширилмоқда.

Танзила Нарбаева ушбу объектда бўлиб, 3 та “аёллар дафтари”да бўлган аёлларга янги уйларнинг калитларини тантанали равишда топширди. Хусусан, Муножатхон Боқиева ҳам 3 хонали уй эгаси бўлди.
Ҳаётдан рози бўлган қўштепалик аёллар Танзила Нарбаева Шукроналик дил изҳорлари туширилган Ташаккурнома топширдилар.

«Абдулҳамид Абдурашид файзи» МЧЖга қарашли ёшлар кооперацияси раҳбари Акмалжон Каримовнинг эътироф этишича 7,2 гектар ер майдони 24 нафар «ёшлар дафтари»га киритилган 30 сотихдан ер-майдони ажратиб берилди.

Ҳозирда ёшлар бу ерларга тарвуз ва қовун экканлар. Сенат раиси мазкур дала майдонида бўлиб ёшлар билан суҳбатлашди.

Сенат раисининг вилоятдаги ўрганиши давом этмоқда.

Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист