Бугун катта авлод вакиллари ёшларнинг вертуал олам атрофида ўралашиб қолиб, китоб ўқимаётгани-ю театрга келмай қўйганидан кўп шикоят қилади. Шикоят ўринли аслида. Аммо чуқурроқ ўйлаб қарасак, шу ҳолатларга сабабчи бўлаётган биз — катталар эмасми? Ёшларни тўғри йўналтириш, ҳаётнинг ёзилмаган қоидаларидан уларни воқиф қилиб бориш ўзимизнинг вазифамиз-ку? Бугун шу ва шу каби фарзанд тарбияси билан боғлиқ вазифаларимизга ўзимиз не чоғли ёндашяпмиз? Театрнинг инсон ҳаётидаги ўрни, унинг тарбиявий таъсирини фарзандларимизга бошқалардан аввал ўзимиз тарғиб қилишимиз керак эмасми? Кун тартибимиздан лоақал бир ойда бир бор театрга жой берсак, дилбандларимиз ҳам ўз фарзандларини ана шу тарбия масканига етаклаб боришга одатланадилар. Зеро, шиддат билан ривожланаётган мамлакатимизда бугун маънавиятга ҳар қачонгидан кучли эътибор берилмоқда. Айни пайтда юртимиздаги 37 та давлат театрларида 42 та тўгараклар ташкил этилгани ҳам бунинг амалдаги кўринишларидан бири, дейиш мумкин. Ушбу тўгаракларга мингга яқин ўқувчи ёшлар жалб этилган. Яқин йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада ўсишига шубҳа йўқ. Ўзбекистон республикаси Маданият вазирлигининг театр ва цирк санъатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муқаддас Аҳмаджонованинг таъкидлашича, эксперимент тариқасида танлаб олинган Чилонзор туманидаги 30 дан зиёд мактабларда ёшларни театрга жалб этиш борасидаги ишлар тизимли олиб бориляпти. Русийзабон мактабларга Оперетта театридан, ўзбек мактабларига Муқимий театридан бир нафардан актёр, ижодкорлар бириктириб қўйилган.

Бундан ташқари, ҳар бир олий ўқув юртида театр студияси мавжуд. Актёрликка иқтидори бор, роль ижро эта оладиган талабалар турли тадбирларда, байрамларда яхши асарларни саҳналаштираётганлари қувонарли. Ҳаваскор актёрлар ҳар йили ўтказиладиган театр фестивалларида ҳам ўз иқтидорларини намойиш этиб келмоқда. Аммо улар мутахассис эмас. Бундай ёшларга профессионал режиссёрларнинг кўмаги керак. Шу маънода ҳар бир олий ўқув юртларига театрлардан тажрибали, ёш режиссёрлар бириктирилган. Албатта, улар театрдаги ишларини ташлаб қўйиб, мактаб ёки олийгоҳ билан шуғулланишмайди. Иқтидорли, истеъдодли болалар билан ишлаш тегишли режа асосида, маълум вақтларда амалга оширилади. Масалан, олийгоҳлардаги театр жамоасига тўғри йўналишлар берилиб, саҳнабоп, яхши асарлар тавсия қилиниб, уни қандай саҳналаштириш бўйича ҳам йўл-йўриқ кўрсатилади. Ёшларнинг ўзи саҳналаштириш жараёнини олиб борадилар. Бу орқали уларда мустақил ҳолда ва ўз устида ишлаш кўникмаси ҳам шаклланиб боради. Театр намойиш этилишга тайёр бўлганида, бириктирилган профессионал режиссёр эътиборига ҳавола этилади. Талабаларнинг муваффақиятлари билан биргаликда камчиликлари ҳам таҳлил қилиниб, чиқишлар янада пишитилгач, саҳна асарини томошабинлар эътиборига бемалол ҳавола этиш мумкин бўлади.

Ўрни келганида айтиб ўтиш жоизки, тўгараклар фаолияти жиҳатидан энг етакчи театрлар сифатида Қорақалпоқ қўғирчоқ театри ҳамда Сурхондарё вилоят театрини алоҳида тилга олиш мумкин. Пойтахтда эса Муқимий номидаги мусиқали драма театри ва Ўзбек Миллий академик драма театрларида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. Бу икки театр хусусида гап борганида, албатта юзлаб, минглаб ёшларга устозлик қилган, ўзбек театрининг икки забардаст устунлари — Фатхулла Маъсудов ва Мирза Азизов номини тилга олмай бўлмайди. Зеро, ҳар иккиси ҳам биринчи раҳбар бўлишига қарамай, олис ҳудудларга-да бориб, иқтидорли ёшлар, бўлажак актёрларни кашф этишга астойдил бел боғлаган эди. Хусусан, Ф.Маъсудовнинг Шайхонтоҳур туманидаги иккита умумтаълим мактабида театр жамоаси ташкил этиб, ўқувчилар билан шахсан ўзи ишлагани, Андижонда ҳам шундай эзгу ишларга хайрихоҳ бўлгани таҳсинга лойиқ. Мирза Азизов эса ҳаётининг сўнгги дамларида ҳам Қоракўлда янги бир эзгу лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга улгургани билан ўша ёшлар қалбида абадий яшайди. Энг муҳими, театрдан бутунлай йироқ бўлган ёшларни бирлаштира олди у. Бугун ҳудудда санъаткорлик театрига пойдевор қўйилди. Пойтахтнинг нуфузли театри саҳнасида илк бор роль ижро этган ана шу ёшлардан бири, “Ҳар нарсанинг жавоби бор” спектаклининг бош қаҳрамони — Замон (Ўлмас Аллаев) ўз миннатдорлигини мана шундай изҳор этган эди:

— Аслида консерваторияни тамомлаганман. Биринчи марта ўзимни синаб кўрдим. Устозим Мирза Азизов коррупция иллати кескин қораланган “Ҳар нарсанинг жавоби бор ” спектакли учун уюшмаган, театрдан йироқ ёшлардан жамоа тузаётган экан. Менга битта қўшиқ айттириб кўришди. Шунда устоз “Бу боланинг кўзи ёниб турибди, нимадир чиқара оламан”, деди. Ҳурсанд бўлиб кетдим. Устозим билан анча меҳнат қилдик. Пойтахт саҳнасидаги муваффақиятим, томошабинлар олқишларидан ҳам ҳаяжон, ҳам ғурурга тўлдим. Бу қўшиқчилик билан актёрликни ҳамоҳанг олиб боришимга туртки бўлади, назаримда. Чунки энди мен Замон образига ўхшаган ролларни таклиф этишса, бажонидил ижро этишга розиман.

 — Бирон марта ҳам театрга қадам босмаган ёшлар саҳнанинг сеҳрини ҳис қила олмайди, — дейди Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг 3- босқич талабаси Шаҳром Атоев. — Спектаклни охирига қадар томоша қилмаган ёшлар ҳам асарнинг кулминацион нуқтаси — хулосадан бехабар кетаверадилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир олий ўқув юрти белгиланган режага мувофиқ талабаларни бу тарбия масканига олиб келяптилар. Бу вазифа билан алоҳида бириктирилган ўқитувчилар шуғулланяпти. Спектаклни сўнгигача томоша қилган талабаларда эса яна театрга келиш истаги туғилаётгани айни муддао.

Дарҳақиқат, ёшларни маънавиятсизликда, интернетга асирликда айблайвериш ижобий натижа бермаслигини бугун амалда кўриб турибмиз. Фарзандларимиз мисоли ёш ниҳол. Қай томонга қараб ўсишини истасак, ўша ёққа қараб ўсишади. Шу маънода уларнинг ҳар турли томонларга эмас, кўкка бўй чўзишларига эришишимиз керак. Юқорида фикр билдирган Ўлмас Аллаев, Шоҳруҳ Атоевнинг кўплаб издошлари сўнгги йиллардаги тарғибот-ташвиқот ишларимиз таъсирида шаклланиб боряпти. Қувонарлиси, бугун театрлар ёш драматургларни кашф этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қарата бошлади. Зеро, театрнинг нуфузини ошириш, сара асарларни саҳналаштиришда кучли, профессионал драматургия асосий ўрин тутади. Шу маънода бизга қалами ўткир, чинакам драматурглар керак. Бу эса театрларнинг ёшлар билан қай даражада иш олиб боришига боғлиқ бўлади. Ўйлаймизки, бугун ҳаёт бўлган ва юқорида номлари тилга олинган театримиз дарғалари бошлаб берган ишларни ёшларимиз янада гўзал ҳолатда давом эттирадилар.

Шу кунга қадар 120 мингга яқин ёшлар театрларга ташриф буюрди. Умид қиламизки, давлатимиз раҳбарининг алоҳида ташаббуслари, қолаверса, биз, катталарнинг тарғиботларимиз самараси ўлароқ, эртамиз эгалари театр, музейларнинг энг қутлуғ даргоҳ, ҳақиқий ҳаёт мактаби эканини ҳис қилиб улғаядилар.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири