Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қуйидаги ҳолларда берилади:

— фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги;

— оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги;

— протез қўйдирганлиги;

— санаторий-курортда даволанганлиги;

— соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун;

— карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини тасдиқлаш учун.

Адлия вазирлиги Ҳуқуқни қўллаш департаменти масъул ходими Т.Азимовнинг берган маълумотларига кўра,  Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси давлат соғлиқни сақлаш тизими даволовчи шифокорлари,  давлат ташкилотларининг ўзларига қарашли даволаш-профилактика муассасалари,   хусусий клиникалар томонидан берилади.

Ўқувчи, талаба, магистрант, клиник ординатор ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси билан тасдиқланади.

 Қуйидагилар томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари берилиши тақиқланади:

— Тез тиббий ёрдам хизмати

— Шифохоналарнинг қабул бўлимлари;

— Суд-тиббий экспертиза муассасалари;

— Панционат ва санаторий-курортлар (сил касалликлари санаториялари бундан мустасно);

— Физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.

Олис ҳудудларда яшовчи фуқароларга  даволаш профилактика муассасаларида битта даволовчи шифокор фаолият кўрсатган тақдирда, бир ойгача муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳарбий хизматчиларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилмайди. 

Касаллик ва шикастланганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор мурожаат қилган тиббиёт муассасаси томонидан меҳнатга лаёқатсизлик аниқланган кундан бошлаб берилади. Шуни ёдда тутиш керакки, қонунчиликда назарда тутилган истисно ҳолатлардан ташқари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ўтказиб юборилган кунларга берилмайди.

Ходим иш куни якунидан сўнг ёки талаба ўқиш тугатганидан сўнг мурожаат қилса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси кейинги календарь кунидан расмийлаштирилади.

Шунингдек, Фуқаро ўзини касалга солиб шифокорга мурожаат қилса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси фуқаро шифокор томонидан шахсан кўрикдан ўтказилгандан сўнг меҳнатга лаёқатсизлик аниқланганда берилади. 

Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи беш календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериши мумкин. Беш календарь кунидан ошганда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.