Ижтимоий тармоқларда пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган “Тез ёрдам” ходимлари калтакланганига доир хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор ўрганишлар натижасида қуйидагиларни маълум қилади:
Кеча соат 16:27да Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг шифокор Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И. дан таркиб топган “103” бригадаси чақириқ манзилига етиб бориб, бемор Б.Ж.га тиббий ёрдам кўрсатган.
Бироқ аҳволи ўта оғир бўлганлиги сабабли Б.Ж.ни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. Беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли асосли сабаб бўлмаса-да, тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, қўл кўтариш даражасигача борган.
Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасига зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган.
Шундан сўнг “103” фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия бўлими шок залига “Кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати” ташхиси билан ётқизилган. Ҳозир фельдшер Ж.И. мазкур бўлимнинг интенсив палатасида тегишли даво муолажаларини олмоқда. Аҳволи ўрта оғирликда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Умуман, вазирлик фуқароларимиз томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор ҳаракатлар содир этилишига нисбатан доимо муросасиз муносабатда бўлади. Шунингдек, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўради.
Айни пайтда содир этилган ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговолди суруштирув ишлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.