— Ҳар қандай юқумли касаллик мавсумий бўлиб, нафас йўлларининг юқумли хасталиклари, асосан, куз-қиш мавсумида ва қисман баҳор ойларида сезиларли даражада ортади, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази бош директори Абдувоитжон Гафуров.— Натижада “103” хизматига шамоллаш, грипп каби ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш билан боғлиқ мурожаатлар йилнинг бошқа даврларига нисбатан бироз кўпаяди.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг сентябрь ойи ва октябрнинг дастлабки ўн кунлигида Республика тез тиббий ёрдам хизматига ўткир респиратор кассаликлар бўйича келиб тушган чақириқлар асосида 132 минг нафардан зиёд беморга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 9 минг 947 та нафари госпитализация қилинди.
Таққослаш учун айтсак, ўтган йилнинг айни шу даврида жами чақириқлар сони 150 минг 768 тани ташкил қилган эди.
Айтиш лозимки, жорий йил сентябрь ойида мамлакатимиз бўйича “Тез ёрдам” хизматига ЎРВИ бўйича бўлаётган кунлик мурожаатлар сони ўртача 3 минг 200 тани ташкил қилган бўлса, энг кўп чақириқ 25 сентябрь санасига тўғри келди ва шу куни 3 минг 829 та мурожаат қабул қилинди. Энг кам чақириқ эса 8 сентябрь куни кузатилиб, ушбу санада мурожаатлар сони 3 минг 17 тани ташкил қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати