Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, бугунги кунда вилоят аҳолисининг 54,9 фоизи марказлашган манбалардан тоза ичимлик суви билан таъминланган. Юртимизнинг бошқа ҳудудлари каби сўнгги йилларда вилоят аҳолисини ҳам марказлаштирилган ичимлик сув билан таъминлаш, шу жумладан марказлаштирилган сув таъминоти сифатини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини марказлаштирилган ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Бухоро вилоятида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда
Жумладан, Олот ва Қоракўл туманида истиқомат қилаётган аҳолининг сув таъминотини яхшилаш бўйича Жаҳон банкининг 139,0 миллион АҚШ доллар кредит маблағлари ҳисобидан мазкур туманлардаги 230 минг аҳолини тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар якунига етказилмоқда.
Шунингдек, Бухоро ва Когон шаҳарлари оқава тизимларини реконструкция қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётган бўлиб мазкур тадбирларга Жаҳон банкининг жами 55,0 млн АҚШ доллар маблағлари ҳисобидан қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар якуни билан Бухоро ва Когон шаҳарларида истиқомат қилувчи аҳолига юқори оқава хизмати йўлга қўйилади.
Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5048-сонли қарорлари билан тасдиқланган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида, жорий йилда аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви ва оқава хизматлари билан таъминлаш мақсадида бюджет маблағларидан жами жами 13,5 млрд.сўм маблағ ажратилган бўлиб, мазкур маблағлар ҳисобидан 437,7 км ичимлик сув ва оқава тармоқлари 18 та сув иншоотини қурилади ва реконструкция қилинади. Натижада, Дастур доирасида туманлар ва шаҳарлар ҳудудлардаги жами 80,4 минг нафар аҳолининг марказлаштирилган ичимлик сув таъминоти яхшиланади, хусусан 61,1 минг нафар аҳоли илк бор марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланади.
Бугунги кунда мазкур тадбирлар бошлаб юборилган бўлиб барча объектларда пудрат ташкилотлари белгиланган. Объектларга зарур қурилиш материаллари етказилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Баҳор ХИДИРОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири