Бугунги глобаллашув шиддати мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол йигит-қизлар этиб вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори айни мақсадларга хизмат қилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжат асосида ташкил этилган мазкур ҳаракат айни пайтда 300 мингдан ортиқ ёшни атрофида бирлаштириб, ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ғоя ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда ўзига хос ўрин тутмоқда.

Мамлакат миқёсида умумий ўрта таълим мактабларида 10 минг 201 та, Президент мактабларида 14 та, ихтисослаштирилган ҳамда спорт мактабларида 203 та “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати гуруҳлари ташкил этилган.

Мазкур гуруҳ аъзолари Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги ҳарбий-техник мутахассисликларни тайёрлаш марказларида ўқитилди. Шулардан 3000 га яқини муддатли ҳарбий хизматга йўл олди. Жорий ўқув йилидан нодавлат таълим муассасаларида 275 та, академик лицейларда 60 та, техникумларда 469 та “Ватан таянчи” гуруҳи ­фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳаракат томонидан ўтказилаётган “Турон йўлбарслари”, “Ватанпарварлар”, “Шунқорлар”, “Шижоат ва ғайрат” каби ҳарбий-спорт мусобақалари ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда ­қонунларимизга юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳарбийлик касбига қизиқишни ошириш, маънавий-жисмоний чиниқтириш ҳамда жамоавий ишлаш кўникмасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳаракатнинг энг сара аъзоларидан ташкил топган таркиб Қозоғистонда ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик йиғинида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь ва Россия ёшлари орасида турли шартлар бўйича рекорд натижаларни қайд этиб, фахрли ўринларни эгаллади.

Энг муҳими, умумтаълим мактаб­ларида чақирувга қадар тайёргарлик фани синфлари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўқувчиларнинг назарий билим олиши билан бирга амалий машғулотларни пухта ўзлаштиришига замин ҳозирланди. Шу тариқа ўтган даврда 500 мингдан ортиқ ёш “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоси бўлди.

“Ватан таянчи” гуруҳлари аъзосига олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тўпланган балларидан беш фоиз қўшимча имтиёзли балл берилади. Ҳаракат иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида ташкил этилган чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассислик­ларга тайёрлаш марказларида чавандозлик, алоқачилик, ошпазлик йўналишлари бўйича ўқитилади ва муддатли ҳарбий хизматда мутахассислиги бўйича хизматни давом эттиради.

“Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фақат аъзолар сонини оширишни эмас, балки ўз келажагини ҳарбий хизмат билан боғлаш орзусидаги ўғил-қизлар учун пухта тайёргарликнинг дастлабки қадами сифатида янада ривожланишни мақсад қилган. Айни йўналишдаги ислоҳотлар эса сифат ва самарадорликни муттасил оширишга хизмат қиляпти.

Эътиборлиси, олий ҳарбий таълим муас­сасаларида ўқиш истагидаги ёшлар сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Агар буни ҳаракат доирасидаги рақамларда кўриб чиқсак, 2023/2024 ўқув йилида

1926 иштирокчига имтиёз берилган бўлса, шундан 221 нафари, 2024/2025 ўқув йилида эса имтиёз берилган 3372 иштирокчидан 238 нафари олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.

Асосий вазифамиз эркин фикрлайдиган, юксак билимли, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакати, халқи ва оиласининг фаровонлиги ҳамда янада ривожланишига ҳисса қўша оладиган ватанпарвар ёшларни тарбиялашдир. Устувор мақсадимиз эса ўқувчи-ёшларни тузилаётган гуруҳ атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни ўтказишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш.

Қисқаси, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати доирасидаги ишлар ёшларда ватанпарварлик туйғуларини янада ошириш, уларнинг аждодларимизга мос авлод бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутаётир.

Акобир НУРУЛЛАЕВ,

“Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар

ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати раҳбари