Ватандошларимизни Иккинчи жахон уруши жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасоратини эсга олиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази “Ўзархив” агентлиги ва Давлат тарих музей билан ҳамкорликда “Хотира саҳифалари” мавзусида ноёб архив фотоларининг кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси архивларида сақланаётган, кўп миллатли Ўзбекистон халқи вакилларининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати билан яқиндан танишиш, шунингдек, ёшларда Ватанга муҳаббат ва ғурур туйғусини уйғотиш, фашизмга қарши жангларда фидойилик кўрсатган фахрийларга алоҳида эътибор қаратиш тадбирдан кўзланган асосий мақсаддир.
Шу ўринда айтиш жоизки, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги “Пискарёвское мемориальное кладбище” қабристонининг ўзидагина Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган 7 минг нафар атрофида ўзбек жангчиларининг қабри мавжуд. Бу — она диёримиз фарзандларининг ушбу урушда канчалик фаол катнашгани ва элу-юрт ҳимояси учун жонларини фидо қилишга тайёр эканлигидан далолатдир.
Мазкур тадбирда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров, “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов ва Ўзбекистон Давлат тарих музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова сўзга чиқди.
Кўргазма доирасида миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва дўстона муносабатларни юксалтириш, давлат архивлари билан илмий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, ўзбек халқинининг қадимий тарихи, бой маданияти, миллий ва анънавий қадриятларини ШҲТга аъзо мамлакатларда кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат тарих музейи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандум имзоланди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси
марказининг ахборот хизмати