Йиғилишни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари, Стратегик ривожланиш агентлиги бош директори Лазиз Кудратов очиб рақамли ривожланиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, бу борада 2030 йилгача тасдиқланган ривожланиш стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу стратегияда устувор йўналишлар қаторига кўрсатилган хизматлар ҳажмини 2,5 баробарга ошириш орқали электрон ҳукумат, аҳолига давлат хизматлари, таълим, соғлиқни сақлаш, тиббиётни ривожлантириш каби муҳим вазифалар ҳам киритилган.
Бу йўналишда йил охиригача олис аҳоли пунктларини интернетга улайдиган 6,5 мингта мобил станциялар ўрнатилади ва қамров улуши 60 фоизни ташкил этади. Шунингдек, Тошкент вилоятида маълумотлар марказлари ишга туширилади. Шу билан бирга, ушбу лойиҳа доирасида хусусий секторнинг саводхонлиги ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича институционал ислоҳотлар давом эттирилади.
Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ва кенгайтириш мақсадида сўнгги йилларда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) билан биргаликда мамлакатнинг хусусий секторини рақамлаштириш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда.
Айтиш керакки, иқтисодиётнинг рақамли трансформацияси - бу самарадорликни ошириш, ҳаражатларни камайтириш ҳамда товарлар ва хизматлар сифатини яхшилаш, бизнесга технологияларни жорий этиш орқали рақобатбардошлигини оширишга доир жараёндир. Ўз навбатида, бу давлатга тадбиркорлик субъектларининг кундалик фаолиятини соддалаштириш ва иқтисодиётни қонунийлаштиришни рағбатлантириш орқали ишбилармонлик муҳитини яхшилаш имкониятини беради.
Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатларида пандемиядан кейинги иқтисодий тикланиш истиқболлари ҳақидаги ҳисобот ҳам тақдим этилди. Бундан ташқари, учрашувда иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан мазкур лойиҳани амалга оширишда қайси жабҳаларга эътибор бериш кераклиги ҳақида сўз юритди.
— Эндиликда биз пандемия салбий таъсир кўрсатган кичик ва ўрта корхоналарга алоҳида эътибор қаратишимиз керак, — деди Ш.Адриан ўз сўзида. — Анъанавий таъминот занжирлари бузилганлиги сабабли кичик ва ўрта корхоналар узоқ йиллик шериклари билан алоқа қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Дунёда пандемия камаймаётгани сабабли биз рақамли кўникмаларга, рақамли бизнесга, рақамли технологиялар ёрдамида амалга ошириладиган янги иш жойларига кўпроқ эътибор беришимиз керак. 2020 йилда Ўзбекистонда мазкур дастур ишга туширилди. Умид қиламизки, рақамлаштириш лойиҳасидаги иштирокимиз Ўзбекистон тараққиётига ёрдам беради.
Баҳор ХИДИРОВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири