Тадбир Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамда «Medel» Австрия компанияси томонидан ташкил этилиб, унда республикамизнинг турли вилоятларидан 200 нафардан ортиқ сурдопедагог, логопед, реабилитолог ҳамда Россия, Қозоғистон ва Беларусдан таклиф этилган мутахассислар онлайн ва офлайн тарзда иштирок этди.
Айтиш лозимки, мазкур халқаро семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – эшитишда нуқсони бор болалар муаммолари бўйича эришилган натижаларни муҳокама қилиш, реабилитация сифатини яхшилаш мақсадида янги сурдо-педагогик ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ этиш, илмий ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
Дастлаб семинарда Ўзбекистонда биринчи бор психология фанлари доктори Инна Королева маъруза қилди. У ўз маърузаси орқали кар болалар билан кўп йиллик иш тажрибаси, кохлеар имплантация операциясидан кейинги беморларнинг нутқини ривожлантириш услублари ҳақида сўз юритди. Шу билан бир қаторда беларуслик мутахассис Светлана Бурнос қўшиқ куйлаш орқали бемор болаларда нутқни ривожлантириш усули ҳақида тақдимот қилди. Якуний маъруза орқали эса ўзбекистонлик мутахассислар юртимиздаги болалар реабилитацияси тажрибалари билан ўртоқлашди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, сўнгги йилларда юртимизда эшитишда нуқсони бор ва кар болаларда кохлеар имплантация операциялари мунтазам равишда ўтказиб келиняпти. Биргина 2016 йилда «Нейросенсор кар ёки заиф эшитадиган болаларда кохлеар имплантатлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш» бўйича 150 нафар бола қамраб олинган бўлса, 2018 йилда 239 нафар, 2019 йил 320 нафар, 2020 йилда эса 225 нафар заиф эшитувчи бемор болаларда жарроҳлик операциялари амалга оширилиб, ўтган давр мобайнида бу рақам 1 000 нафардан ошди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, болада нутқни ривожлантириш даври бўлмиш операциядан кейинги муддатнинг аҳамияти жуда муҳим. Яъни бу пайтда сурдопедагоглар беморларнинг ота-оналари билан биргаликда ҳар куни шуғулланиш, тўғри ёндашувни ташкил қилиши керак. Эрта ўтказилган ташхислаш, жарроҳлик амалиёти ва тўғри реабилитация жараёнлари натижасида бола умумтаълим мактабларига тўлақонли қатнаши ва тенгдошларидан фарқ қилмаслиги мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, айни касаллик билан оғриган беморлардан «эшитяпман, гапиряпман, яшаяпман», деган сўзларни эшитиш энг катта натижадир.