Давлат раҳбари экология соҳасидаги долзарб масалаларни таҳлил қилди.
2020 йилдан буён ҳудудларда 22 мингта янги саноат корхонаси ишга тушди, бу даврда қарийб 250 минг янги уй-жойлар қурилди.
Бугунги кунда саноат корхоналари ва автомобиллардан атмосферага йилига 2 миллион тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқмоқда.
Айниқса, пойтахтда, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Ангрен, Бекобод ва Қувасой шаҳарларида ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори бошқа ҳудудларга нисбатан анча кўп.
Ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари мавжудлиги қайд этилди.
Саноат корхоналари “оёққа туриши” учун кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берилгани, лекин айрим корхоналар на солиқлар тўлашни, на атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ўйлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Аксарият ҳолларда қурилиш объектлари ва лойиҳалари экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга оширилаяпти.
Шу муносабат билан 1 апрелдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф муҳитни ифлосланиш даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилиниши белгиланди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари билан бирга:
- жойларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарнинг “мастер-режа”сини ишлаб чиқиш;
- йил якунида ҳудуд ва тармоқларнинг экологик рейтинги ва экологик паспортини эълон қилиб бориш топширилди. Натижалари бўйича ҳокимлар аҳолига мурожаат қилиши белгиланди.