Мамлакатимизда кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромад манбалари билан таъминлаш ва маҳалла даражасида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу мақсадлар учун ҳудудларга катта ваколат, молиявий ресурс ва инфратузилмавий имкониятлар берилди, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Натижада йил бошида 5,8 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси бугунги кунга келиб 3,9 фоизга тушди. Эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафардан 1,5 миллион нафарга камайди. Ишлар тўғри ташкил этилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланиб бормоқда.

Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида натижалар бир хил эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳалари учун 314 триллион сўм ресурс ажратилди. Лекин бир хил миқдорда маблағ олган ҳудудларда камбағалликни қисқартириш самарадорлиги кескин фарқ қилаётгани таҳлиллар орқали кўрсатилди.

Масалан, Шароф Рашидов ва Қарши туманларига 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси берилган. Шароф Рашидов туманида мазкур маблағлар ҳисобига 30 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлса, Қарши туманида 13 минг нафар эҳтиёжманднинг шароити яхшиланган.

Шу боис, кредит ажратишнинг ўзи якуний натижа сифатида қаралмаслиги, ҳар бир лойиҳа қанча доимий иш ўрни яратгани ва қанча оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлгани билан баҳоланиши белгиланди.

Йиғилишда жойларда натижага эришишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирларининг барчаси ҳам бизнес лойиҳаларини шакллантириш, молиявий инструментларни тўғри танлаш ва тадбиркор билан унинг ғоясидан тайёр бизнесгача ишлаш кўникмасига эга эмаслиги қайд этилди.

Сўнгги бир йилда ҳудудларда ташкил этилган 86 мингта кичик корхонанинг 15 мингтаси фаолиятини тўхтатган. Банкдан кредит олиб, бизнесини кутилган даражада йўлга қўя олмаган 62 минг нафар фуқаро кредитларни қайтаришда қийналмоқда.

Шу муносабат билан аҳоли ва тадбиркорларга фақат молиявий ресурс таклиф этиш эмас, балки бозор, технология, касб, бизнес режа ва сотув занжирини ҳам қамраб олган комплекс ечим бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Хоразм вилоятида ўтказилган ўрганишлар мисол қилиб келтирилди. Президент топшириғига мувофиқ, иқтисодий комплекс раҳбарлари икки ҳафта давомида вилоятдаги 81 минг нафар камбағал аҳоли, яъни 19 минг оиланинг шароитини ўрганди. Ушбу оилаларда 12 минг нафар ишсиз ва 10 минг нафар даромади паст аҳоли борлиги аниқланди.

Айни пайтда Хоразмдаги тадбиркорлар қурилиш соҳасига 4 минг, хизматлар соҳасига 3 минг ва саноатга 2,5 минг нафар ишчи изламоқда. Мавжуд бўш иш ўринлари ва касбга тайёрлаш имкониятларини ўзаро боғлаш орқали камбағал оилалардаги 10-15 минг нафар аҳоли даромадини ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, ўрганилган эҳтиёжманд оилаларда 48 минг нафар бола борлиги, уларни ҳозирдан касб-ҳунар ва замонавий кўникмаларга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди. Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаблар, техникумлар ва ўқув марказларида бундай оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл фарзанд парвариши билан банд. Шу боис, бола парваришлаётган ота-оналар учун уйида ёки маҳалланинг ўзида даромадли меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтириш, фарзандларни мактабгача таълим билан қамраб олиш орқали уларнинг меҳнат бозорига қайтишига шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.

Хоразм мисолидаги таҳлиллар барча ҳудудларга тааллуқли экани таъкидланиб, камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиши белгиланди.

Эндиликда ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида махсус штаблар ташкил этилади. Банклар, бандлик идоралари ва иқтисодий комплекснинг бошқа ташкилотлари ушбу штаблар билан биргаликда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш масалаларини жойнинг ўзида ҳал қилади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари иқтисодий комплекс билан биргаликда ҳафтанинг уч кунини бевосита камбағаллик ва бандлик масалаларига бағишлайди.

Янги тизимнинг энг муҳим жиҳати эса молиявий ресурслар ва қарор қабул қилиш ваколатларининг катта қисми туман даражасига туширилиши бўлади. Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилади.

Ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун 450 миллиард сўм ресурс мавжуд. Туман штаблари маҳаллий шароит ва лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб, кимга қанча кредит бериш, унинг муддати ва тўлов графигини бизнес турига мослаштириш масалаларини ҳал қилиш имкониятига эга бўлади.

Кредит, лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағ ва бошқа молиявий инструментлар тадбиркорлик лойиҳасининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб қўлланади. Деҳқончилик, савдо, хизматлар ва бошқа йўналишларда даромаднинг шаклланиш муддати турлича бўлгани учун молиялаштириш шартлари ҳам шунга мос бўлиши кераклиги таъкидланди.

Кооперацияга асосланган лойиҳаларга қўшимча имкониятлар яратилади. Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд аҳолининг ташаббуслари ҳам индивидуал баҳоланади. Истиқболли лойиҳаларни имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.

Камбағаллик жамғармасидаги 240 миллиард сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 миллиард сўм ва учта “дафтар”даги 760 миллиард сўм маблағ туман штаблари ихтиёрига берилади. Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар назарда тутилган 300 миллиард сўмлик ресурси ҳам штаблар орқали йўналтирилади.

Шу тариқа туманлар ихтиёрига жами 3 триллион 200 миллиард сўм ресурс берилиб, маблағларнинг аниқ натижа бериши асосий мезон этиб белгиланади.

Молиялаштириш механизмларини иқтисодиётдаги тез ўзгаришларга мослаштириш учун ҳам янги ёндашув жорий этилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Марказий банк ҳудудлар салоҳияти, бизнес муҳити ва бозор талабидан келиб чиқиб, кредит, субсидия ва компенсация механизмларини ҳар чоракда такомиллаштириб боради.

Шу билан бирга, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ва банкирларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти натижадорлик ва ташаббускорлик мезонлари асосида қайта баҳоланади.

Икки ой муддатда махсус ўқув маркази ташкил этилиб, унга хориждан мутахассислар жалб қилинади. Ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирлари лойиҳа тайёрлаш, бизнес моделини ҳисоблаш, молиялаштириш воситаларини танлаш ва тадбиркор билан ишлашга ўқитилади. Энг яхши натижа кўрсатган мутахассисларни Хитой, Япония ва Туркияда малака оширишга юбориш, намунали ходимларни қўшимча рағбатлантириш чоралари белгиланди.

Йиғилишда тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш тизими ҳам кўриб чиқилди. Эндиликда туманлар тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларининг бевосита буюртмачисига айланади ва зарур маблағлар тўғридан-тўғри жойларга йўналтирилади. Туман штабларига лойиҳалаш, қурилиш ва сифат назоратини хусусий секторга бериш ҳуқуқи ҳам берилади.

Камбағалликни қисқартиришда ижтимоий ҳимоя механизмлари ҳам янгича ёндашув асосида такомиллаштирилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини Ижтимоий реестрга киритиш мезонларини қайта кўриб чиқиш топширилди.

Бунда фақат оила даромади эмас, балки сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик, оила аъзоларининг хорижда ишлаётгани ва бошқа ижтимоий омилларни ҳисобга оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтилади.

Мамлакат бўйича камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган бўлса-да, уч ёшгача фарзанди бор оилаларда бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда. Шу боис, бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳалланинг ўзида ишли ва даромадли қиладиган тизим йўлга қўйилади.

Ижтимоий реестрдаги ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилалар учун эса барқарор даромад манбаи яратадиган ижтимоий пакетлар амалиёти давом эттирилади. Жорий йил ушбу мақсадларга 300 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бундай кўмак олган 11 минг оиланинг қарийб ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди.

Келгуси йилдан Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғча тўловлари, ўқув марказларида таълим олиш харажатлари, йўлкираси ҳамда олий таълим муассасаси ётоқхонаси учун тўловлар ваучер асосида қоплаб берилади. Ваучер 12 ой муддатга берилиб, оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам белгиланган муддат охиригача амал қилади.

Йиғилишда ҳудуд раҳбарлари олдига йил якунига қадар 350 минг нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириш, яна 1 миллион нафар аҳолининг даромадини ошириш ва 230 мингта оилани камбағалликдан чиқариш вазифалари қўйилди.

Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ механизм ва ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш, маҳалла даражасигача масъулларни белгилаш вазифаси қўйилди. Камбағалликни қисқартириш бўйича катта амалий тажриба тўплаган мамлакатлар, жумладан, Хитой ёндашуви асосида аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимлар учун аниқ кўрсатмалар тайёрланади.

Янги тизимда асосий масъулият ва ресурслар жойларга туширилиб, маҳалладаги ҳар бир имкониятни иш ўрни ҳамда даромад манбаига айлантириш, ҳар бир эҳтиёжманд оила билан унинг шароити ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишлаш устувор вазифа бўлади.

Йиғилиш якунида мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланиб, белгиланган вазифаларни тизимли ва натижадор қилиб ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.