Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон вакцинанинг ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси куни кеча республикамизга бир миллион доза олиб келинди.

Яқинда мамлакатимизга COVAC дастури асосида GAVI ташкилоти томонидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасининг 660 минг дозадан иборат дастлабки партияси етиб келганди.

Ушбу вакциналар орқали аҳолини коронавирусга қарши эмлашга тайёр, деб айтиш мумкин. Вакциналар бутун республика бўйлаб совуқлик занжирига амал қилган ҳолда жойларга етказиб берилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча республикадаги 12 та вилоят марказларида вакцина сақлаш омборхоналарида етказиб берилган вакциналар хавфсиз, совуқлик занжирига риоя қилган ҳолда сақланмоқда.

Вакцина оладиган контингент 85 ёшдан катталар, 75 ёшдан 85 ёшгача бўлган қариялар ва 65 ёшдан 75 ёшгача бўлган кексалар ўртасида биринчи навбатда эмлаш жараёнларини амалга ошириш кўзда тутилган. Шу билан бир қаторда ушбу касаллик билан доимий равишда юзма-юз келадиган ёки бўлмаса касалликни ўзига юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлган тиббиёт ходимлари эмланади. Тиббиёт ходимларини ҳам эмлаш босқичма-босқич амалга оширилади.

Жорий йилнинг 1 апрелидан барча вилоят марказлари қолаверса шаҳар марказларида ташкил этилган эмлаш пунктларида 65 ёшдан юқори бўлган шахслар ва улар билан бир қаторда хавф ости гуруҳига мансуб бўлган тиббиёт ходимлари биринчи галда эмланади.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш билан шуғулланадиган тиббиёт муассасалари ходимлари, тез тиббий ёрдам тизими ходимлари, шошилинч тиббий ёрдам тизими ходимлари, юқумли касалликлари шифохонаси ходимлари, коронавирусга лаборатория тахлили билан шуғулланадиган лаборатория ходимлари ва бирламчи тиббий-санитария хизмати ходимлари биринчи навбатда бепул эмланиши кўзда тутилган.

Эмлаш бир пайтнинг ўзида COVAC дастури орқали AstraZeneca вакцинаси ва Хитой билан Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан бошланади. Бу ерда бир тартиб амал қилади. Демак, биринчи эмлашни қайси вакцина билан олган бўлса ўша шахс иккинчи эмлашни айнан ўша турдаги вакцина олиш билан якунлайди, деб хабар беради Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати.