Вазирлар Маҳкамасининг "Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорига асосан, 2022 йил 1 сентябрдан дори воситаларини мажбурий маркировклашни бошлаш белгиланган. (149-сон 02.04.2022 йил)

Маҳаллий дори воситаларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга маркировкалаш ускуналарини танлашда амалий кўмак бериш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан мазкур жараёнларга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 

Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2022 йил 1 июль куни Фискал институтда ускуналарни етказиб берувчи (интегратор) корхоналар иштирокида ускуналар кўргазмаси ташкил этилди. 

Кўргазмада 40 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона, 11 та интегратор, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва "CРПТ Турон" МЧЖ масъул ходимлари иштирок этди.

Кўргазмада дастлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар учун интеграторлар томонидан ускуналар тўғрисида тақдимот ўтказилди ҳамда жиҳозлашнинг долзарб масалалари ва техник талаблари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашув давомида ускуналар кўргазмаси ташкил этилди ҳамда интеграторлар томонидан ускуналарнинг ишлаш жараёни, уларнинг афзалликлари кўрсатиб берилди. Бу ҳақида давлат солиқ қўмитаси хабар бермоқда.