Тадбирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) бўлинмалари, федерация ҳузуридаги ташкилот ва муассалар раҳбарлари, ОАВ вакиллари онлайн форматда иштирок этди.
— Мурожаатнома нафақат Парламентимиз аъзоларига, 7000 дан ортиқ маҳаллий кенгаш депутатларига, ҳар уч ҳокимият вакилларига, жамоатчилик ташкилотларига, бугун Ўзбекистонда кечаётган туб ислоҳотларга хайрихоҳлик билан қараётган жаҳон ҳамжамиятига бўлди десак хеч бир муболаға бўлмайди, — Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Инъомжон Тоғаев. — Унда мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш масаласига яна бир бор урғу берилди. Олдимизда турган мақсадларга эришишимизнинг туб негизида жамоатчилик назорати туришини, бундан кейин ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш давом этиши, соҳага янгича ёндашув ва муносабат зарурати масаласи илгари сурилди ва қизғин кутиб олинди.
«Фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат» бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олиш, Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципининг амалий исботи сифатида Давлат раҳбари томонидан 2018 йилнинг 4 майида қабул қилинган «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғриси»ги фармони нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ташкил этиш, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишига асос бўлди.
Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Эътиборли жиҳати, Мурожаатномада илгари сурилган ҳар бир таклиф молиявий жиҳатдан таъминлангани билан аҳамиятли.
Ҳусусан, мурожаатномада энг муҳим ташаббуслардан бири – эндиликда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилиши ва бундай ҳамкорликни, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этиш мақсадга мувофиқлиги айтилди. Бу ишларни ташкил этиш учун келгуси йилда бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтирилади.
Бу таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан узоқ кутилган воқелик бўлди.
Эндиликда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида жалб этиш тизимининг йўлга қўйилиши ва молиялаштирилиши фаолиятимиз самарадорлигига жуда катта ижобий таъсир ўтказади.
Мурожаатдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашга доир таклифлар шундангина иборат эмас. Унда Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этиш таклиф қилинди.
Ушбу вакилга қуйи палата йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколати берилади.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ижро ҳокимияти учун жамоат ташкилотлари жиддий ва тенг ҳуқуқли, шу билан бирга ҳурматга лойиқ ҳамкор сифатида намоён бўлади. Натижада, давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатларининг тўлиқ ва мукаммал бажарилиши механизми такомиллашиб, жамоатчиликни янги ташаббуслар ва таклифларга ундайди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
матбуот хизмати