Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида фуқаро Ш.С. 100 минг сўмлик купюрадаги жами 48,9 млн сўм қалбаки пулларни ўтказиш мақсадида ёнида олиб юрган вақтида ушланди.

Унинг кўрсатмасига асосан ижарада яшаб келаётган хонадони кўздан кечирилди. Ш.С.нинг шериклари М.Ў., С.М. ва А.А.лар томонидан компьютер техникаси ёрдамида тайёрланиб, рангли принтерда чоп этилган яна 2,5 млн сўм қалбаки пуллар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.