Каттақўрғон тумани Янгиобод массиви ҳудудида тадбиркор Жамолиддин Қобилов бошчилигида ташкил этилган «Жамолиддин Кластер» масъулияти чекланган жамияти иш фаолиятини бошлади. Иш бошланишига бағишлаб ташкил этилган тадбирда Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов, ушбу соҳа мутахассислари, кластер эгалари ҳамда Янгиобод массиви ҳудудидаги маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этдилар. Йиғилганлар жамият ишига муваффақиятлар тилаб, уни келгусида йирик экспортёр корхона сифатида эътироф этилишига ишонч билдирдилар.

– Мақсадимиз ушбу ҳудудда узумчилик ривожини янги босқичга олиб чиқиш, – дейди тадбиркор Ж.Қобилов. – Шунинг учун ҳам ишни мавжуд 300 гектарга яқин майдондаги узумзорларга агротехника талаблари асосида ишлов беришдан бошладик. Етиштирилган маҳсулотни тўлиқ шу ернинг ўзида қайта ишлаб, тайёрланган маҳсулотнинг асосий қисмини Хитой, Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишга қаратилган бизнес лойиҳа асосида иш олиб бормоқдамиз. Натижада етиштириладиган 1000 тоннага яқин узум маҳсулотидан тайёрланадиган майизни камида 1 миллион АҚШ долларига хорижга экспорт қиламиз. Келгусида кластерчилар томонидан узумнинг серҳосил ва сифатли майиз берадиган навларини экиш, унумдорлиги паст даражага келиб қолган токзорларни ёшартириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, сув тақчиллигини бартараф қилиш мақсадида барча майдонларда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилади.

«Жамолиддин Кластер» масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилиши билан Янгиобод ҳудудидаги 400 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилиб келаётган аҳоли доимий иш билан банд бўлади.