Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китоби чоп этилди. Мазкур китоб-албом миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилди. Унда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак унвони ҳамда “Олтин Юлдуз” медали билан тақдирланган бир юз уч нафар юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур китобда ҳаётнинг турли синовларига қарамай, сабот билан меҳнат қилиб, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилган давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, ишчию хизматчилар, устозлар, деҳқону чорвадорлар, санъат ва маданият ходимлари, хуллас, барча жабҳаларда олиб борилаётган юксак бунёдкорлик ишларида доимо камарбаста бўлган замондошимизнинг умр йўллари акс этади.
Тадбирда "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзолари Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти, Муножат Йўлчиева, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Сенат аъзоси Фармон Тошев, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандалари Адолат Исмоилова, Рустам Мирмуҳсинов, эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари Фарҳод ва Ширин, Тошкент давлат Шарқшунослик университети магистранти Аҳаджон Жўраевлар қатнашди, шунингдек Самарқандлик "Ўзбекистон Қаҳрамонлари" нинг оила аъзолари ҳам иштирок этишди, деб ёзмоқда Маърифат тарғиботчилар жамияти матбуот хизмати.