Ўзбекистондаги уйларнинг зилзилага бардошлилиги ва ҳудудлардаги сейсмик балл бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги аниқлик киритди.
Республика ҳудудлари сейсмик балл кўрсаткичлари бўйича зоналарга бўлинган бўлиб, объектларни жойлаштиришда мазкур сейсмик балл кўрсаткичлари инобатга олинади.
— Объектни лойиҳалаштиришдан олдин у жойлашган ер майдони бўйича топографик тасвир ва геологик тадқиқот амалга оширилади. Грунт таркиби ва хусусиятлари, сизот сувлар сатҳи ва шу каби бошқа масалалар ҳам ўрганилади. Ушбу тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда, объектни жойлаштириш, унинг қаватлар сони, фундаменти, конструкциялари ва габарит параметрлари бўйича лойиҳа ечимлари танланади. Мазкур жараёнлардан кейин объектлар бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Сўнгра ваколатли эксперт ташкилотлари томонидан экспертизадан ўтказилади. Бунда ҳам сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамлик масалалари бўйича алоҳида кўриб чиқилади. Ижобий экспертиза хулосалари олингач, қурилиш ишларини бошлашга рухсат берилади, — дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов.
Қурилиш-монтаж ишлари тугалланган бино ва иншоотлардан фойдаланишга рухсат бериш бўйича 16 576 та мурожаатлар келиб тушган. Бунда 11 162 та объектларнинг қурилиш ишлари, белгиланган нормаларга тўғри келмаслиги боис қатъий рад этилган.