Ўзбекистон Реcпубликаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан 2021 йилнинг апрель ойида “English for Science” лойиҳасининг 2-фасли танлови эълон қилинди. Унда 1167 нафар номзод иштирок этиш истагини билдирди. Танлов жараёнлари 3 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич онлайн сўровномада талабгорлардан 636 нафари иккинчи босқичга тавсия этилди. Иккинчи босқич шартларига биноан талабгорлар билан инглиз тилида суҳбат ўтказилди ва натижаларга кўра 240 нафар номзод танлаб олинди. Учинчи босқич, «Илмий тадқиқотлар мавзуси юзасидан инглиз тилида тақдимот» натижаларига кўра 200 нафар талабгор “English for Science” дастурига муваффақиятли қабул қилинди.
Қабул қилинган талабгорларнинг 68 нафари ижтимоий йўналишда, 53 нафари, тиббиёт йўналишида, 33 нафари ахборот технологиялари, физика ва математика йўналишида, 32 нафари биология, геология, агротехнология йўналишида ҳамда 14 нафари кимё йўналишида илмий фаолият олиб бораётган тингловчилардир.
Тингловчиларга 9 ой давомида III босқичдан иборат дастур асосида дарслар ташкиллаштирилган бўлиб, I босқич – “General English”, яъни тингловчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб олинди.
II босқич – “Academic writing”. Унда иштирокчилар 4 ой давомида илмий мақолалар тайёрлаш бўйича кичик гуруҳларда шуғулланди. Ушбу босқич натижалари бўйича иштирокчилар томонидан жами инглиз тилида 50 дан ортиқ мақола, 39 та тезис нашр қилиниб, 8 нафар иштирокчи хорижий давлатларда илмий-амалий малака ошириш дастурларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
III-босқичда тингловчилар – “Grants and Scholarships” бўйича 2 ой давомида кўникмаларни мустаҳкамлашди. Унда иштирокчилар ўзларининг илмий ишланмаларини тижоратлаштириш бўйича халқаро грант дастурларига ариза топшириш кўникмаларини эгаллади. Бу босқич якунлари бўйича тиббиёт, иқтисодиёт ва ижтимоий гуманитар соҳа, муҳандислик йўналишларида фаоллик кузатилди, бир нечта грант дастурларига аризалар топширилди.
Тингловчилар учун халқаро тажрибага эга мутахассислар ҳамкорлигида амалий машғулот ва маърузалар ташкил этилди. Юқори импакт факторга эга журналларга илмий мақолаларни тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича халқаро тажрибага эга бўлган маҳаллий олимларимиз, “Springer Nature" вакиллари, “Clarivate Analytics” компанияси халқаро экспертлари, Огаё университети мутахассислари, Erasmus+ Миллий офиси вакиллари билан амалий машғулот ва семинарлар ташкил этилди.
Ўзбекистонлик тадқиқотчи олимлар English for Science 2021 лойиҳасининг йил якунлари бўйича, академик инглиз тилидан ўз билим ва кўникмаларини оширишга муваффақ бўлган 200 нафар иштирокчилар томонидан шу пайтга қадар халқаро журналларда 229 та мақола чоп этилди, халқаро конференцияларга 183 та тезислар ёзилди, халқаро грантларга 100 та ариза топширилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа “Scopus” ва "Wеb of Science" халқаро илмий маълумотлар базаларида индексланадиган илмий журналларда чоп этилган мақолаларда Ўзбекистоннинг улуши сезиларли даражада ижобий томонга ўзгариб, 2030 йилгача бўлган даврда илм-фанни ривожлантириш концепциясида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишга хизмат қилади. Жорий йилда ҳам мазкур дастур ўз ишини давом этади. Эндиликда “English for Science” лойиҳасини нафақат пойтахтда, балки вилоятларда пилот дастури кўринишида ўқитувчилар малакасини ошириш режалаштирилган. Шунингдек, дастурни масофавий ўқитиш тизими орқали ташкил этиш мақсадида электрон платформа ҳам йўлга қўйилади.