Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича бир қатор чекловлар киритилиши билан бир қаторда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 апрель кунги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида пенсиялар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган, ортиқча тўланган пенсиялар бўйича 2020 йил 20 апрель ҳолатига пенсионерларнинг қарздорлик суммасини ҳисобдан чиқариш белгиланган.

Топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларида пенсияларни тайинланиши ва тўланиши бўйича ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўловларни қайта хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан пенсияларни тайинланиши ва тўланиши бўйича ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов яъни, қарздорликлари мавжуд фуқаролар рўйхатларининг тўғри шакллантирилганлиги ҳамда ортиқча тўловлар ва қолдиқ миқдорларини тўғри ҳисобланганликлари бўйича батафсил ўрганиб чиқилди.

Ўтказилган ўрганишлар якунига кўра, республика бўйича жами 12 894 нафар фуқаронинг 20 миллард сўмдан ортиқ қарздорлик суммалари ҳисобдан чиқарилди. Шунингдек, жорий йилнинг май ойи тўлов рўйхатларида ушбу фуқароларнинг пенсияларидан аниқланган ортиқча тўловлар чегирмаларсиз тўлиқ миқдорда тўлаб берилиши таъминланди.

Бундан ташқари жорий йилнинг 20 апрелида Адлия вазирлигининг “Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия хужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари” тўғрисидаги йўриқномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Унга кўра, жойларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатилишида сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ҳамда уларга қулайликлар яратишни кучайтириш мақсадида фуқаролар томонидан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини тайинлашда вафот этган боқувчи қарамоғида бўлган оила аъзолари тўғрисида яшаш жойидан маълумотнома тақдим қилиш тартиби бекор қилинди.

Лутфулла Сувонов,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири