Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулсара Қурбонбоева мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили устувор эканлиги, халқимиз оғирини енгил қилиш, инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, муҳтож оилалар вакиллари, оғир шароитларда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида сўз юритди.
Янги уйлар билан таъминланганлар орасида 15-мактабда ўқитувчиси Барно Бердимуродова ҳам бор. Ёлғиз аёл бир боши билан фарзандларига ҳалол луқма едириб, уларни ҳам ота, ҳам она ўрнида тарбиялаб келаётган бу аёлни ўз ўрнида ҳаёт қийинчиликлари четлаб ўтмади. Сурункали касалликдан сўнг турмуш ўртоғи вафот этди. 3 нафар фарзанд отасиз қолди. 25 ёшида суянчиғидан айрилган Барно оғир кунларни бошдан кечирган бўлсада, асло тушкунликка тушмади. Аёллик матонати, метин ирода билан ҳар қандай машаққатни мардонавор енгиб келяпти.
Бугун унинг қувончи чексиз. У киши ҳам имтиёзли уйлардан бирининг соҳибаси бўлди. Ўз хурсандчилигини баҳам кўрар экан, ортга бир назар ташлаб, оғир кунларини шундай эслади:
«Фарзандларим билан уйма-уй сарсон юрган пайтларим бўлди. Ана шундай оғир кунлар мени тоблади, кучли бўлишга ундади. Ҳаёт синовларини фақат ва фақат чидам, сабру бардош билан енгиб ўтиш кераклигини англадим. Кўпинча рўзғорнинг каму кўстини тўлдира олмай қийналардим. Қизларим ва ўғлимнинг кўнгли ўксимаслиги учун қанча ҳаракат қилмай, уддалай олмасдим. Оилада барибир отанинг ўрни бўлак...
Шу бугунгача тумандаги «Полвон» маҳалласида жойлашган тўйхонанинг ертўласида яшаб келдик. Бу биз учун яна бир синов эди. Бугунги қувончимни эса сўз билан таърифлай олмаман. Оғир шароитда қолган, уй-жойга муҳтож биздек аёлларни қўллаб-қувватлаб, барча имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга минг раҳмат.»
Уй-жойга муҳтож хотин-қизларга субсидия асосида берилган ушбу хонадонларнинг бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

– Узоқ йилдан бери уй-жойга муҳтож эдик. Энди ўз уйимиз бор, — дейди «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи Сабоҳат Раззоқова. – Кимнингдир олдида хижолат бўлмай, хотиржам яшай оламан. Ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим ортди. Қийналиб келаётган мен каби аёллар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шу хайрли ишларнинг бошида турганларга ташаккур.
Уй-жой топширишга бағишланган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, ибратли оилалар, нуроний отахон ва онахонлар, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.
Гулноза Умирова,
Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар
бошқармаси матбуот котиби.