Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди, деб ёзмоқда ахборот хизмати.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлисини 2022 йил 13 сентябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Унда Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар. Шу билан бирга, ялпи мажлисда бир қатор қонунлар муҳокама қилинади. Хусусан, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил I ярим йиллиги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиш режалаштирилган.

Тадбир якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.