Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган. Айни вазифа янгича тартибда бажарилиши кутиляпти. Боиси, ушбу йўналишда мутлақо янги тизим жорий этилмоқда.

Юртимизда ана шу тизимни тубдан янги­лаб, доимий ривожлантириб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири­га айлангани боиси шунда. Хусусан, аҳолини суюлтирилган газ билан сифатли ва узлуксиз таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Юртимизда табиий газ тармоғи етиб бор­маган ҳудудлар мавжуд. Бундай хонадонлар аҳолиси, асосан, суюлтирилган газдан фой­даланади. Аммо баъзан газ етказиб беришда муаммолар кузатилмоқда.

Бундан ўн йил олдинги вазиятни кўпчи­лик яхши эслайди. Суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммолар деярли ҳар бир оилага дахлдор эди. Йиллар давомида янгиланмаган инфратузилма ортиб бораётган юкламани кў­тара олмай қолганди. Айрим хонадонлар газ келишини ҳафталаб кутишга мажбур бўлган. Айниқса, қиш ойларида муаммо яққол кўри­ниб қоларди. Газ баллонларини сотиб олиш у ёқда турсин, уларни топишнинг ўзи маҳол бўлган. Танқислик аста-секин одамлар ҳаёти­нинг одатий қисмига айланиб қолганди.

Ҳозир бу муаммолардан асар ҳам қолма­ган дейишдан йироқмиз. Аммо кейинги йил­ларда соҳадаги ўзгаришлар бевосита одамлар турмуш тарзига кириб боргани рост. Тизим тубдан янгиланиб, табиий ва суюлтирилган газ таъминотида мутлақо замонавий, ра­қамлашган ёндашувларга ўтилгани самараси юртдошларимиз ҳаётида яққол сезилмоқда. Йирик кўламдаги модернизация ишлари са­баб аҳолини газ билан таъминлаш қамрови ошиб боряпти.

Шунга қарамай, ҳали қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Аҳолига суюлтирил­ган газни ўз вақтида етказиб беришда баъзи муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, айрим ҳудудларда суюлтирилган газ истеъ­молчиларга белгиланган муддатларда етиб бормаётгани боис, аҳоли зарур манбани авто­мобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўляпти. Бу одамлар учун ортиқча ҳаракат ва харажат дегани. Қиш эшик қоқаётган бир вақтда шу каби масалаларни ҳал этиш зарур.

Маълумотларга кўра, юртимизда 3,8 мил­лионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган. Айни вазифа янги­ча тартибда бажарилиши кутиляпти. Боиси, ушбу йўналишда мутлақо янги тизим жорий этилмоқда.

Шу йил 7 сентябрда давлатимиз раҳбарига аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимот қилинди. Унда бир қанча йўналиш­лар белгиланган бўлиб, асосий мақсад суюл­тирилган газнинг одамларга ўз вақтида етиб бориши, таъминотда узилишларга йўл қў­йилмаслигига қаратилган. Давлатимиз раҳба­ри қўяётган талаб ҳам шу — айни масалада, энг аввало, аҳоли манфаати устувор бўлиши зарур.

— Суюлтирилган газ таъминотида бос­қичма-босқич бозор тамойилларига ўтиляпти, — дейди энергетика вазири Шерзод Хўжаев. — Бунинг учун соҳага хусусий секторни кенг жалб этиш ва рақобат му­ҳитини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Янги ёндашувни, аввало, Андижон вилоятида пилот лойиҳа сифати­да амалга ошириш белгиланди. Унга кўра, ҳудудда “Ҳудудгазтаъминот” билан бир қа­торда хусусий тадбиркорларга ҳам газни аҳо­лига эркин нархларда сотиш имконияти бе­рилади. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилиб, баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилади, мақсад соҳада тадбиркорларни кенгроқ рағбатлантиришга қаратилган.

Бу одамларнинг танлов ва хизматдан фой­даланиш имкониятини ҳам оширади. Ма­салан, бугунги кунда аҳоли орасида белги­ланган нормадан ортиқча суюлтирилган газ истеъмолига эҳтиёжи бўлса, ўз шахсий авто­мобилларида газ тўлдириш шохобчаларига бориб, газ баллонларини тўлдириб, нотўғри тарзда фойдаланиш ҳолатлари учраб туриб­ди. Ана шундай хавфли ҳолатларга йўл қўй­маслик учун керак бўлса ҳар бир маҳаллада суюлтирилган газ баллонлари сотиладиган, барча техник талабларга жавоб берадиган хусусий шохобчаларни очиш кўзда тутилган. Соҳага хусусий сектор кириб келиши эса ра­қобат муҳитини яратиб, аҳолига кўрсатила­диган хизматлар сифатини оширади.

Истеъмолчиларда танлов имконияти бўлади

Гап энди одамлар “уйимизга қачон суюл­тирилган газ етказиб беришар экан”, деб кутиб ўтирмасдан, яқин атрофдаги хусусий шохобчадан исталганча газ сотиб олиши мумкинлиги ҳақида боряпти. Андижонда бошланадиган пилот лойиҳа асосий тажри­бага айланиши кутиляпти. Лойиҳа доираси­да жараёнга камида иккита хусусий опера­тор жалб этилади. Улар зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник ходимларга эга бўлиши керак. Ҳудудларда шохобчалар ташкил қилиниб, суюлтирилган газни етказиб беришнинг аниқ жадвали бўла­ди, ҳисоб-китоблар рақамлаштирилиб, тақси­мот шаффофлиги таъминланади.

Истеъмолчилар учун мобил илова ва он­лайн хизматлар йўлга қўйилади. Одамлар суюлтирилган газни онлайн буюртма бери­ши, ўзи истаган вақтда исталган ҳажмда со­тиб олиши каби қулайликлар юзага келади. Бу эса илгари мавжуд бўлган “газ қачон кела­ди?” каби саволлар ўрнига “буюртмам қачон етказиб берилади?” деган замонавий хизмат моделини шакллантиради. Асосийси, одам­ларда танлов имконияти ошади. Масалан, айни пайтда “Ҳудудгазтаъминот” томонидан асосан 20 килограммли баллонлардан фой­даланилмоқда. Янги моделда эса тадбиркор­ларга замонавий газ баллонларидан фойдала­ниш, уларни истеъмолчиларга ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб таклиф этиш имконияти берила­ди. Рақобат муҳитида сифат ва тезкор хизмат турлари ортади.

Хусусий секторни жалб қилиш борасида дастлабки тажриба сифатида Андижон ви­лояти танлангани бежиз эмас. Бугунги кунда вилоят тадбиркорлари хориждан суюлтирил­ган газ харид қилиб, ички бозорда сотмоқ­да. “Ширин” пунктида бошланган тажриба натижалари янги ёндашув самарадорлигини кўрсатди. Энди айни тажрибани янада тако­миллаштириш ва натижадорлигини ошириш ишлари давом эттирилади. Янги тажриба босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жо­рий этилади.

— Тизимда шаффофликни таъминлаш­даги муҳим жиҳатлардан яна бири суюлти­рилган газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган бозор механизмлари­га ўтилаётганидир, — дейди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Муста­фоев. — Гап шундаки, суюлтирилган газ иш­лаб чиқариш, импорт, харид ва етказиб бе­риш харажатлари ўртасидаги тафовут йилдан йилга ортиб, бюджетдан ажратиладиган субсидияларга талаб кўпаймоқда. Катта ҳажмдаги мавжуд эҳтиёжни қондириш учун фақат тизимни бошқаришнинг ўзи етарли эмас. Ресурсларни харид қилишдан тортиб, етказиб беришгача бўлган барча бўғинларни бир бутун тизим сифатида такомиллаштириш зарур. Шу боис, “Ҳудудгазтаъминот” таъсис­чилигида “LPG-Trade” МЧЖни ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу тузилма суюлтирил­ган газни биржа орқали харид қилиб, бел­гиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади. Жараёнда нарх сиёсати босқичма-босқич тартибга солиниб, эҳтиёж­манд оилалар учун манзилли қўллаб-қувват­лаш механизми жорий этилади. Ижтимоий соҳа объектларининг эҳтиёжлари учун суюл­тирилган газни биржа нархларида етказиб бе­риш, аҳолига белгиланган нархда сотиш на­тижасида юзага келадиган салбий тафовутни республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам кўзда тутилмоқда.

Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар манфаатлари алоҳида эътиборга олинади. Ягона ижтимоий ҳимоя реестрига киритил­ган оилаларга газ хариди учун субсидиялар ажратиш белгиланяпти. Бу, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатла­ми учун қўшимча кўмак бўлади.

Янги тизимга кўра, хизмат нархларини босқичма-босқич бозор механизмлари асо­сида, етказиб бериш харажатлари ва инфра­тузилмани ривожлантириш эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш режа­лаштириляпти. Ҳар ким истеъмолга яраша тўлов қиладиган шундай шароитда, қола­верса, совуқ мавсум сабаб газга талаб ошган вақтда айрим оилалар учун истеъмол эҳ­тиёжини қондириш қийинчилик туғдиради. Шу боис, давлат томонидан ёрдам умумий имтиёз шаклида эмас, айнан эҳтиёжманд оилаларга йўналтирилади. Суюлтирилган газни импорт қилувчи корхоналар учун бир­жа савдоларида қонунчилик асосида айрим имтиёз ва чегирмалар берилиши эса ресурс таъминотини барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Шундай қилиб, суюлтирилган газ таъ­минотида янги босқичга ўтиляпти. Бундан, аввало, аҳоли манфаатдор бўлиши керак. Белгиланган чоралар натижаси, айниқса, куз- қиш мавсумида одамларнинг уйи иссиқ, газ таъминоти билан боғлиқ муаммоси бўлмага­нида кўринади. Қолаверса, ушбу йўналишда аҳолига қулай, хавфсиз ва барқарор хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсад қилинган. Истеъмолчи суюлтирилган газни қаердан топишни эмас, уни қанчалик тез ва сифатли олишни ўйлайдиган, ўзига мосини танлайди­ган тизим яратиляпти.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири