Сув Ернинг 70 фоизини қоплаган бўл­са-да, шундан атиги 3 фоизи ичиш учун яроқли. 2023 йилда 2 миллиард одам, яъни Ер юзи аҳолисининг чорак қисми тоза ичимлик сувсиз қолган ва яқин 10 йил­ликда улар сафига яна 700 миллион киши қўшилиши мумкин. Ҳар куни дунёда 5 минг киши ифлосланган ичимлик сув­дан фойдаланиш оқибатида оламдан кўз юммоқда. Олимлар тахминига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг ярми сув танқис бўлган ҳудудларда яшашга мажбур бўлади.

Бизнинг минтақа ҳам сув муаммоси билан рўбарў келган. Экспертлар фикри­ча, яқин 20 йил ичида мамлакатимизда сув танқислиги кескин ошади. Ўзбекистон сув танқислиги бўйича қизил ҳудуд­лар қаторига тушиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Демак, қаршимизда катта савол туриб­ди: БУНДАЙ ТАҲЛИКАЛИ ШАРОИТ­ДА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТМОҒИМИЗ ЗА­РУР ВА ШАРТ?

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқти­содиёт” йили” деб номланди. Қолаверса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида катта боғлар бунёд этилмоқда. Оролнинг қуриган тубига ҳаёт қайтди.

Қувонарлиси, ушбу лойиҳа халқаро даражага чиқди. Ташқи сиёсатдаги ташаббус ва дипломатик ислоҳотларимиз ҳам натижа беряпти. Марказий Осиё давлат­лари сувдан фойдаланишда тенг ҳуқуқ­ли келишувларга эришди. Экологик ма­салаларда ҳам якдил қарор қабул қилиш бошланди. Масалан, шу йил октябрь ойининг бошида Тошкент шаҳрида

“Марказий Осиёда ичимлик сув таъми­ноти ва оқова сув хизматлари” мавзуси­даги халқаро конференция бўлиб ўтди. Сўз ва амал бирлиги боис, янги Ўзбекистонда Сув кодекси қабул қилинди. Қола­верса, янги барпо этилаётган шаҳарлар­нинг 30 фоизи яшил ҳудуд бўлиши шарт экани ҳуқуқий асос билан қатъий белги­ланди. Президентимиз ташаббуси билан тарихимизда илк бор ариқ ва каналлар сувини тежаш мақсадида уларни бетон­лаш ишлари бажарилмоқда.

Муҳими, жамиятимизда экологик мада­ният ривожланиб боряпти. Бугун битта да­рахт кесилса, бирдан: “Нега кесилди?” деган оммавий сўров бошланади. Ортга қайтмас тус олган ушбу ислоҳотлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг муҳим йўналиши си­фатида ҳам белгилаб қўйилди.

Лўнда қилиб айтганда, экологик ислоҳот­лар кўлами шунчалик каттаки, натижадор кўрсаткичларни қисқа рақамларда санаш­нинг ўзи билан газетанинг барча саҳифа­сини тўлдириш мумкин. Бундан ҳақли равишда фахрланамиз, ютуқлардан қуво­намиз. Айни пайтда ҳали олдинда бажари­лиши зарур бўлган вазифалар ҳам бор. Шу боис, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисо­диёт” йили”да амалга оширишга оид дав­лат дастурининг учинчи йўналиши “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш”, деб номланган.

Бу йўналишнинг номланиши бизни жур­налист сифатида мулоҳазага ундади. Нега сув ресурсларини тежаш биринчи ўринда айтилган? Атроф-муҳитни муҳофаза қил­сак, сув ўз-ўзидан тежалмайдими?! Мана шу фикр инсон ва табиат муносабатлари, бизни кутаётган келажак, юксалиш ҳақидаги му­лоҳазаларга чорлади.

Беихтиёр ён-атрофни, одамларни, уларнинг сувга бўлган муносабати­ни синчиклаб кузата бошладим. Ҳа, “сувни тежаш” ибораси бежиз биринчи ўринга чиқарилмаган. Очиғи, жамиятимизда экологик маданиятни юксалтириш, таби­ий ресурслардан оқилона фой­даланиш кўникмасини кучайти­риш, тежамкор технологияларни кенг жорий этиш каби кечикти­риб бўлмас қатор масалалар бор экан. Бундай долзарб мавзуларни оммага олиб чиқиш, муҳокамалар майдонига ташлаш, мутасадди­лар, оддий одамларнинг диққатини бу — ҳаёт-мамот масаласига қарати­ши бевосита журналистларимиз олди­даги ғоят долзарб вазифа ҳамдир.

Айни мақсадда “Янги Ўзбекистон” газетасида янги — СУВ ВА ҲАЁТ лойиҳасига старт берилмоқда. Унда кейинги йилларда сувдан оқилона фойдаланиш, кун­далик турмушимизга ва қишлоқ хўжалигига сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, томчилатиб суғориш усулларидан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борадаги илмий ёнда­шувлар, натижалар ва эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар соҳа мутахассислари, ҳур­матли олимлар ва зиёлиларимиз фикрлари асосида кенг таҳлил қилинади. Айни пайтда ушбу чиқишлар орқали мамлакатимизда эко­логик маданиятни янада юксалтиришга ҳисса қўшишни ҳам ният қилганмиз. Кимдир “Нега айнан сув масаласи?” деган саволни ўрта­га ташлаши мумкин. Қуйида ушбу қарор­га келишимизнинг сабаби, яъни мавзунинг аҳамияти ҳақида тўхталмоқчимиз.

Сунъий интеллектга ҳам сув керак

“Сув — ҳаётдир” деган ҳикматни барчамиз эшитганмиз. Аммо унинг ҳаётимизда қанча­лик аҳамияти борлигини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Буни нари борса, сувсизликдан ази­ят чекишимиз, яшиллик олами камайиб кети­ши билан боғлаймиз. Ҳа, бу айни ҳақиқат. Сув камаяверса, ичимлик сувни топиш муаммога айланади. Тоза ичимлик сувнинг йўқлиги эса турли хасталикларни, ҳатто юқумли касалликларни кўпайтиради. Ернинг чўлланиши ҳам инсон танасидаги хасталик каби заминимизни ғариблаштириб боради. Озиқ-овқат тақчил­лиги юзага келади. Мутахассислар айтиши­ча, инсон кундалик эҳтиёжини қоплаш учун бир суткада 4-5 литр сув ичиши керак экан. Йўқса, танамиз сувсизликдан турли хаста­ликка чалинаркан. Сувни меъёрда ичиш эса теримизни тиниқлаштиришдан тортиб, мия фаолиятимизгача ижобий таъсир қилади.

Шу ўринда битта факт. Сув Ернинг 70 фоизини қоплаган дедик. Одам танасининг ҳам қарийб 70 фоизи сувдан иборат. Шу жиҳатдан ер ва инсон бир-бирига ўхшай­ди. Қизиғи, ернинг ҳам, одам танасининг ҳам чўлланиши оқибатида келиб чиқадиган муаммолари жуда ўхшаш. Масалан, кунига беш стакандан ортиқ тоза сув ичсангиз, юрак хуружи хавфи ортга чекина бораркан. Худди шунингдек, Она заминда сув қанча кўп бўл­са, экологик инқироз шунчалик заифлашади. Демак, биз сувни тежаш билан бирга, ундан самарали фойдаланиш йўлини ҳам били­шимиз керак бўлади. Афсуски, жамиятимиз буни ҳали тўла англаб етгани йўқ. Агар буни теран ҳис этганимизда эди, кўчаларимизда сувлар шунчаки оқиб ётмас, машинамизни уйда ювмас, умуман, сувга ҳозиргидай му­носабатда бўлмасдик.

Пиёда сайр қилиш одатим бор. Бу на­фақат соғлиқ учун фойдали, балки журна­листнинг реал ҳаётга яқинроқ бўлишини ҳам таъминлайди. Масалан, йўл чеккаларида кўп кузатаман, дарахтлар ва яшил майдонларни суғориш тизими яхши ишламайди. Айрим жойларда дарахтлар қор-ёмғирдан бошқа сув кўрмагани шундоқ сезилиб туради. Ундан эллик қадам нарига ўтсангиз, суғориш ти­зимининг вақтида ўчириб ёқилмаслиги, сув пуркагичларнинг нобоплиги сабаб асфальт ҳам ариққа айланади.

Биз Учинчи Ренессансни яратишдай катта мақсад сари дадил боряпмиз. Демак, дунёқарашимиз ҳам, кундалик турмуш тар­зимиз ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Биз энди чўлланишнинг замонавий оқибатлари ҳақида ҳам теран фикр юритишимиз зарур. Масалан, ҳозир чўлланиш оқибатида ернинг ҳосилдорлиги пасаяди, биохилма-хиллик йўқолади, ўсимлик ва ҳайвон турлари камаяди. Атроф-муҳитда экологик мувозанат бу­зилади. Қолаверса, ичимлик сув танқислиги кучаяди. Шу тариқа, иқтисодий инқироз ва иқлим миграцияси пайдо бўлади.

Мазкур муаммоларга замонавий техно­логиялар орқали ечим топиш мумкин, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Ҳа, технологиялар сувни тозалаб, қайта ишлатишимизда, улар­ни ақлли назорат орқали бошқариб, тежам­корликни оширишда фойда беради. Аммо давр шуни кўрсатяптики, сувсиз қолсак ҳат­то ўша технологиялар ҳам тўла қувват билан ишламаслиги мумкин экан.

Яқинда қизиқ фактга дуч келдим. Бугун барча соҳага кенг кириб бораётган сунъ­ий интеллект ишлаши учун ҳам катта сув захираси зарур бўларкан. Бунга аниқлик киритиш учун сунъий интеллектдан жавоб изладим. Қуйида унинг жавобини таҳрирсиз келтирамиз: “Мен ишлайдиган катта сервер марказлари (data center) ишлаши учун жуда катта миқдорда электр энергияси сарфла­нади. Шу энергия иссиқликка айланиб, сер­верларни қиздириб юборади. Шунинг учун уларни доимий равишда совитиш керак.

Совитиш усуллари:

  • ҳаво орқали совитиш — кондиционерлар, вентиляторлар орқали ҳаво айлантириш;
  • сув орқали совитиш — айрим дата-марказларда сув қувурлар орқали ўтказилиб, иссиқликни олиб чиқади. Шу жараёнда анча сув ишлатилади;
  • иқлимдан фойдаланиш — баъзи дав­латларда (масалан, Финляндияда) совуқ ҳа­водан ёки денгиз сувидан фойдаланилади.

Сув сарфи:

  • классик сервер марказлари йилига мил­лионлаб литр сув ишлатиши мумкин;
  • шу боис, айрим компаниялар қайта ай­ланувчи (recycling) сув тизимларини жорий қилмоқда, сув сарфини кескин камайтириш учун”.

Бу жавобдан сўнг “Сув — ҳаётдир” деган ҳикматнинг нечоғлиқ теран маънога эга эка­нини англадим. Ҳа, одам овқатсиз олти ҳаф­та яшайди. Аммо сувсиз бир ҳафтадан кўпга бардош бера олмайди...

Тан олиш керак, бугун ривожланган мам­лакатлар ўзининг сунъий интеллектига эга экани билан ҳам бошқалардан ажралиб тура­ди. Чунки сунъий интеллектни бугун оддий усталар учун арифметик ҳисоб-китобни тез­лаштиришда қанчалик қўл келаётган бўлса, мамлакатлар мудофаа тизимида ҳам шунча­лик аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун ҳам катта серверларга эгалик қилишга тараққи­ётнинг юксак чўққиси сифатида қаралиши табиий. Шу йил 21 октябрь куни Президен­тимиз раислигида ўтказилган давлат бошқа­руви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан видеосе­лектор йиғилишида бу фикр ҳам эътироф этилди. Соҳа ривожи учун катта лойиҳалар­га старт берилди. Жумладан, замонавий су­пер-компьютер кластерлари ва дата-марказ­ларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Қизиқ жиҳат шундаки, катта серверлар­ни шамоллатиб совитиш тизими самарали ишлаши учун ҳам ташқаридаги ҳавода етар­лича намлик бўлиши талаб этилади. Демак, ана шу мақсадга эришиш учун ҳам сувни тежашимиз керак!

Ўрни келганда яна битта фактни кел­тирсак. БМТнинг 2024 йилдаги ҳисоботига кўра, жаҳон миқёсида сувдан фойдаланиш­нинг тахминан 70 фоизи қишлоқ хўжалиги­га тўғри келар экан. Ўзбекистонда фойдала­ниладиган сувнинг 80 фоизи қўшни давлат­ларда, 20 фоизи эса мамлакатимиз ҳудудида шаклланади. Ана шу сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етишти­риш учун сарфланади. Келгусида эса бу кўрсаткичларга сунъий интеллект ҳам қўшилади. Чунки тараққиёт, давр талаби шунга олиб келади.

Мамлакатимизда эса қишлоқ хўжалигида сув сарфини кескин қисқартириш имкони бор. Чунки ҳали-ҳамон фермерларимизнинг катта қисми далага ариқ тўла сувни тўлиқ юборади. Айрим жойларда ернинг намлиги ёки экиннинг талабига қараб эмас, сувнинг келишига мослаб то­морқамизни суғоришимиз ҳам бор гап. Бу эса олдимизга бир қа­тор муҳим вазифаларни қўяди.

Биринчидан, томчилатиб, ёмғир­латиб суғориш тизимини жорий этиш­нинг янада самарали усуллари ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз зарур.

Иккинчидан, деҳқончиликда замонавий билим ва кўникмаларни ўрганишимиз ва оммалаштириш эҳтиёжи бор. Яъни кам жой­дан кўп ҳосил олиш, сувсизликка бардошли, самарадор навларни кўпайтириш борасида ҳам янгича ёндашувлар қилиш керак.

Учинчидан, сув тежашда замонавий тех­нологияларни кескин ошириш зарур. Бунда, айниқса, қишлоқ хўжалигига жиддий эъти­бор бериш, сувни қайта ишлаш тизимини оммалаштириш муҳим.

Ўрни келганда айтиш жоиз, бу йилги дав­лат дастурида ҳудудларда сув тежовчи тех­нологияларни жорий қилишни жадаллашти­риш вазифаси кўрсатиб ўтилган. Республика бўйича жами 500 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича манзилли рўйхат ишлаб чиқилган. Унга кўра, 74,7 минг гектарда томчилатиб, 35,2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш ишлари амалга оширилиши керак. Бунинг учун илк амалий қадамлар ҳам ташланган. Бугунги кунда 19,2 минг гектар ерда сув те­жовчи технология ишга туширилган.

Булар кишини қувонтирадиган рақам­лар. Фақат бир савол бизни ўйлантиради. Кенг далаларда самара бераётган ушбу тизимдан шаҳарлардаги яшил майдон ва дарахтларни суғоришда ҳам унумли фой­далансак бўлмайдими? Ахир битта сувни сачратиб берадиган тизимнинг нотўғри ўр­натилиши, ўз вақтида техник кўрик қилин­маслиги сабаб сув бор жойда кўчагача кўл пайдо бўлади. Тизим ишдан чиққан жойда дарахтлар таги қор-ёмғир ёғсагина намлик кўради. Назаримда, бундай саволлар бар­чани бирдек ўйлантиради. Демак, ҳурмат­ли олимларимиз, соҳа мутахассисларидан қишлоқ хўжалигидаги сувни тежаш бора­сидаги янги ташаббусларни, мавжуд ти­зимни жамиятда оммалаштириш борасида­ги фикрларни кутишга ҳақлимиз. Ва буни жуда тез амалга оширишимиз зарур. Ҳар бир кун ғанимат.

Шу ўринда яна бир факт. Давлат дастурида маҳаллий корхоналарнинг сув те­жовчи технологияларни ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳам назарда тутил­ган. Айтилишича, 2025 йилнинг 22 апрель ҳолатига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчи­ларнинг сони 60 тани ташкил этган. Маҳал­лийлаштириш даражаси 80 фоизга, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 250-300 минг гектарга етказилган. Демак, мазкур соҳага ҳам берилаётган имкониятлар ва ундан сама­рали фойдаланиш, тадбиркорликнинг ушбу турини тарғиб этиш борасида чиқишлар қи­лишимиз зарурати бор. Эҳтимол, шу турдаги ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тад­биркорларда ҳам соҳага янгилик олиб кириш борасида аниқ таклифлар бордир?! Ҳа, сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш, халқаро стандартдаги талабларни ўрганиш ҳам катта бир мавзу.

Халқаро тажриба қандай?

Сувни тежаш деганда, узоқ йиллардан буён ичимлик сув жўмрагини очиқ қолдир­масликни, тиш ювишда сувни идишга қуйиб олиш каби маиший масалаларни ўртага олиб чиқамиз. Булар ҳам, ҳеч шубҳасиз, зарур чо­ра-тадбирлардан ҳисобланади. Аммо сувни асраш уни камроқ ишлатишгагина боғлиқ эмаслигини тушуниб етишимиз керак. Маса­лан, глобал исиш ва сув танқислиги бир-би­рига занжир ҳалқасидай боғлиқ. Табиатга чиқарилаётган зарарли газлар иқлим ўзга­ришига, бу эса, ўз навбатида, сув тақчилли­гига олиб келади. Сув камайиб боргани сари буғланиш ҳам тезлашади. Яъни худди тепа­дан ташланган тош каби тақчиллик юзага келиши шу жараённи янада тезлаштиради.

Шунинг учун ҳам сувни бугун — борлигида асрашимиз керак.

Инсон соғлом умр кечирса, умри даво­мида тахминан 55-65 минг литр сув ичади. Жисмоний фаол, иссиқ иқлимда яшайдиган ва спорт билан шуғулланадиганлар учун бу рақам яна 10-15 минг литрга кўпаяди. Дунёдаги ичимлик сувнинг 60 фоизи музликлар­дан келади. Глобал исиш эса ўша музликлар эришини тезлаштиряпти. Шунинг учун ҳам Президентимиз “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига жиддий эътибор бермоқда. Ай­нан дарахтлар, яшиллик дунёси, буғланиш­ни камайтиради. Ер ости суви кўпроқ сақла­нишига, зарарли газларнинг қисқаришига хизмат қилади. Демак, олдимизда нафақат Оролнинг қуриган туби каби чўл ҳудуд­ларни, балки тоғ ва қирларни ҳам яшиллик дунёси билан бойитишда янгича ёндашувлар вазифаси турибди. Бунинг учун қор-ёмғир сувини тўплаб, кўчатларни суғориш тизи­мини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўрни келганда айтиш керак, денгиз, океан бўйидаги давлатларда ҳам қор-ёмғир сувини тўплаб ишлатиш тажрибаси бор. Бизда ҳам аввал бу тизим бўлган. У, асосан, лалми жой­ларда деҳқончилик қилиш, чорва молларини суғориш учун қўл келган. Чўл жойларда сел йўлида тўғон қилинган. Ўша ерда тўпланган сувдан чорва суғорилган. Сув тўпланадиган жойлар она тилимизда “қоқ” деб аталади. Сел суви қоққа ўзи билан турли минерал­ларни ҳам олиб келади. Бу эса унумдор­ликни оширади. Нега бугун деҳқончиликда ушбу тажрибани оммалаштирмаслик керак?! Муҳими, ушбу амалиёт икки жиҳатдан фой­да келтиради.

Биринчидан, деҳқончилик орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади ва иқтисо­дий барқарорликка хизмат қилади.

Иккинчидан, катта сув тўпланган жой­да ер ости суви кўтарилади. Бу ўз-ўзидан буғланишни камайтиради. Шу орқали гло­бал исишнинг олдини олишда яхши самара беради. Аксинча, сел сувининг тезкор оқими ёмғирнинг самарадорлигини камайтиради. Сел жала ёғиши сабаб ҳосил бўлади. Жала ерга қаттиқ урилгани боис, тупроқ ости­га сувнинг сингиши қийин кечади. Тезкор оқим эса буни янада камайтиради. Оқибатда буғланиш тезлашади. Яъни сел келганида катта оқимдаги сувнинг фойдасидан кўра за­рари кўп. Шунинг учун олимлар селларнинг тез-тез ва кўп келишини қурғоқчилик алома­ти дейди. Демак, аждодларимиз буни жуда яхши билган. Шу боис, қоқлардан унумли фойдаланган.

Шу ўринда яна бир қизиқ факт. Инсон та­насидаги сув ва ёғ миқдорга тескари пропор­ционал экан. Одамнинг мушак тўқималарида 75 фоиз сув бўларкан. Бу кўрсаткич ёғ тўқи­маларида тахминан 10-20 фоиз. Яъни тана­миздаги ёғ сувни кам сақлайди. Назаримда, семизлик кўп касалликларга сабаб бўлиши танадаги сув миқдори билан боғлиқ. Оддий мисол, сувни меъёрда ичиш юрак хуружини камайтиради. Семизлик эса бу касалликни авж олдиради. Халқимизда инсон семира бошласа, ўзини тиклаб олибди деган хато қараш бор. Бу худди жала ёғишидан хур­санд бўлишдай гап. Иккиси ҳам яхшиликдай кўринса-да, хасталикка сабаб бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат, сув сарфининг кат­та қисми қишлоқ хўжалигига тўғри келиши­ни таъкидлаб, бу борада ҳам айрим фикрлар­ни айтдик. Ўрни келганида ушбу йўналишда бажарилаётган айрим вазифаларни эътироф этиш керак. Масалан, давлат дастурида сув хўжалиги объектларида автоматлаштирил­ган бошқарув тизимини жорий қилиш на­зарда тутилганди. Қувонарлиси, бу борада жорий йилга мўлжалланган ишлар режа асосида бажарилмоқда. Унга кўра, шу йилда 12 та объект автоматлаштирилган бошқарув тизимига ўтказилади. Ҳозир уларнинг ай­римлари фойдаланишга топширилган бўлса, бошқаларида ишлар жадал давом этмоқда.

Бу ютуқлар ўзимизники, аммо дунё тажрибаси қандай? Очиқ манбаларда эътироф этилишича, сув тежаш борасида Исроилнинг ўзига хос тажрибаси бор экан. Масалан, ушбу давлатда аввал ишлатилган сувнинг 85 фоизидан кўпи қайта ишлаб, суғоришга йўналтирилади. Бу, албатта, қишлоқ хўжа­лигида сувни барқарор таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, исроиллик фермер­лар сунъий интеллект асосида ишлайдиган технология ёрдамида дала ва экинларнинг реал вақт режимида таҳлилларини кузатиб боради. Яъни ушбу технология тупроқнинг намлик даражаси, об-ҳаво шароити ва экин­ларнинг сув эҳтиёжини кўрсатиб беради. Бундай таҳлиллар сувдан самарали фойдала­нишни таъминлайди. Томчилатиб суғориш ва сувни smart усулда бошқариш унинг сар­фини 50 фоизгача камайтирар экан. Қолавер­са, сувдан ўз вақтида етарли даражада фой­даланиш экинни меъёрдаги намлик билан таъминлаш орқали ҳосилдорликни оширади.

Ечим ўзликка қайтиш ва замонга мослашишда

Сувдан самарали фойдаланишда шунча масала бор экан, бунинг ечими нимада деган ҳақли савол туғилади. Бу жуда оддий. Юқо­рида аждодларимиз қоқлардан фойдаланга­ни ҳақида айтдик. Демак, биз сув билан му­носабатда асл илдизга, миллий ўзанимизга қайтишимиз керак. Яхши эслайман, ёшлик чоғимизда деҳқончиликка мослашган ҳудуд­ларда номи довруқ таратган сувчилар бўлар­ди. Улар катта далаларга бир ариқ сувни тенг тараши билан ном қозонганди. Улар шундай ишлардики, бугунги замонавий технологиялар каби эгатлар орасидаги сув тақсимоти аниқ бўларди. Афсуски, бугун шу мактабга дарз кетди. Чунки биз сувга туфлаш гуноҳ деган қатъий тутумни унутдик. Битта ҳаётий факт. Шу йил Қурбон ҳайитида Тошкентдаги катта сув оқимларида молларнинг калла-по­часи, қорин-ичаги ва териси аёвсиз оқизил­гани ҳақидаги гаплар таъбимизни хира қил­ди. Афсуски, бошқа ҳудудларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Буни ким қиляпти? Сиз, мен, мана шу жамият аъзолари эмасми?! Аф­суски, бу аччиқ ҳақиқат.

Бундан кўринадики, айнан қишлоқ хў­жалигида сувдан самарали фойдаланишни кенг тарғиб этишимиз зарур. Умуман, сувни асраш тушунчасини жамиятимизга кенг тарғиб этиш, халқимизга содда ва таъсирли сўзлар билан етказишимиз шарт.

Мана шу масалаларни олиб чиқиш, жа­миятимизда экологик маданиятни юксалти­риш борасида жиддий чиқишлар қилиш фур­сати етди. Чунки янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда жамиятимиз ҳам ўзгариши шарт.

Бу, албатта, журналистлар олдидаги муҳим вазифалардан бири. “Янги Ўзбекистон” газетаси ушбу лойиҳа орқали мазкур вазифани тўла адо этишга киришганини айтмоқчимиз. Бу ҳам муҳтарам Президентимиз биз — журналистлар, зиёлилар олдига қўй­ган “Миллий контент” яратиш вазифасининг бир қисми деб ўйлайман. Чунки мамлакати­миз манфаатига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган ахборот “Миллий кон­тент” ҳисобланади.

Салим ДОНИЁРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист