Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони асосида 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахтлар ва буталар навларининг кесилишига мораторий жорий этилган эди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжумани ушбу мораторий даврида амалга оширилаётган ишлар тафсилотларига бағишланди. Унда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нарзулла Обломурадов ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, шунингдек, қимматбаҳо дарахтлар ва буталар навлари кесилишининг олдини олиш бўйича мораторий даврида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Маълум қилинишича, мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 4018 та (10 ойлик ҳолатига кўра) мурожаат келиб тушган бўлиб, 188 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун рухсат сўралган. Жами 134 232 туп (71 фоиз) дарахт ва буталар, шундан 65 105 туп шарқ чинори, эман, қрим қарағайи, чинорсимон заранг, элдор қарағайи, каштан, шумтол, туранғил ва бошқа 20 турдан ортиқ қимматбаҳо дарахт ва буталар кесилишининг олди олингани ҳам мурожаатларни кўриб чиқишга қай даражада жиддий ёндашилганидан далолат беради.
Мораторий муносабати билан олиб борилган давлат экологик назорати тадбирлари натижасида эса жорий йил 20 ноябрь ҳолатига кўра, жами 3897 та қонунбузарликлар аниқланиб, 4316,1 млн. сўм миқдорида белгиланган жариманинг 2757,4 млн. сўми ундирилди.
Ундирилмаган жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича (6913,1 млн. сўм) тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) киритилди. Қонунбузарлик содир этган шахсларга 17 та ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Аниқланган ҳуқуқбузарликларга кўра, жами 2298 метр куб бута, 7854 дона дарахт, шундан, 3307 дона қимматли ва 4547 дона кам қимматли дарахтлар ноқонуний равишда кесилган. Ҳуқуқбузарлардан 121 та аслаҳалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳуқуқбузарликларнинг 167 таси мансабдор шахслар томонидан содир этилган. Хусусан, Сирдарё тумани ҳокимининг ўринбосари томонидан 11,7 млн. сўм ҳамда Яккасарой туманида “Вuildinig and Supplies” қурилиш корхонаси томонидан 81 туп дарахтлар кесилганлиги натижасида 630,4 млн. сўм миқдорида табиатга зарар етказилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур мораторийнинг жорий этилиши аввало ҳудудларда дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилишни мустаҳкамлашга, экологик ҳолатнинг яхшиланишига, қолаверса, ижтимоий тармоқларда дарахтлар кесилиши билан боғлиқ салбий чиқишларни камайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири