Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастурининг (RESILAND CA+) бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини кўтариш орқали ландшафтларнинг барқарорлигини оширишдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (XTA) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, қайтариш муддати 30 йил, шундан 5 йили имтиёзли давр бўлган молиялаштиришни тақдим этади.

Маъқулланган лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистон билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилади. Унинг доирасида ҳукуматга инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга оширишда ёрдам кўрсатилади.

Рауф НУР