Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Урганч давлат университетида “Секторлар фаолиятини баҳолаш (рейтинг) тизимининг жорий этилиши ҳамда натижаларнинг тўғри шакллантирилиши”мавзусида ўқув-семинари ташкил қилинди.

Унда агентлик раҳбар ва ходимлари, Хоразм вилояти, шаҳар ва туман секторлари котиблари, ОАВлари  иштирок этди.

Сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимини амалиётга жорий этиш, сектор фаолиятига оид маълумотлар, улар томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботини тайёрлаш ва юритиш ҳар томонлама таҳлил қилиниб, 15 та индикатордан иборат кўрсаткичлар  шакллантирилди. Айни кўрсаткичлар асосида республикадаги барча секторларнинг ҳар ойлик рейтингларини баҳолаб бориш кўзда тутилмоқда.   

Семинар иштирокчиларига 15 та индикаторларнинг моҳияти тўлиқ очиб берилди. Жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини аниқлаш, уларни иш билан таъминлаш ва доимий даромад манбаига эга бўлгандан кейингина белгиланган тартибда муҳтож оилалар рўйҳатидан чиқариш каби.

Бундан ташқари, секторларда амалга оширилган ишларни тизимли таҳлил қилиш, йўл қўйилган камчиликлар, бажарилмаган тадбирларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда “йўл хариталари”ни шакллантириш, маълумотларнинг saxovat.argos.uz дастурига ўз вақтида киритилишини таъминлаш бўйича мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди.

—Сектор раҳбарлари фаолиятини ҳудудлар ривожидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб, холисона баҳолаш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда уларнинг ижроси устидан тизимли назоратни амалга ошириш айниқса муҳим, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди. Иштирокчилар шу каби амалий семинар-тренингларниган давлат органлари ва ташкилотларнинг шаҳар ва туман бўғинлари мутасаддилар иштирокида давом эттиришга келишиб олдилар.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлик Ахборот хизмати