УзА'нинг ёзишича, Тошкент шаҳрида шу йўналишда амалга оширилган тадбирлар натижасида 240 килограммга яқин гиёҳвандлик ва психотроп моддалар аҳоли орасида тарқалишининг олди олинди.
Наркотиклар рекламасини тарғиб қилувчи 7 минг 162 та ҳолатда “наркограффити” ёзувлари аниқланиб, ўчирилди. Наркотиклар савдоси ва уларни тарғиб қилаётган 13 мингдан ортиқ ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар ва каналлар фаолиятига чек қўйилди.
Афсуски, бугунги кунда барча ривожланган давлатлар ва йирик мегаполис шаҳарларда кучли таъсир қилувчи, психотроп ва гиёҳвандлик моддаларнинг янгича турлари ҳамда улар савдосининг янги усуллари кенг тарқалмоқда.
Масалан, махсус электрон ҳамёнлар орқали тўлови амалга оширилиб, “сотувчи” ва “харидор”нинг тўғридан-тўғри мулоқотисиз, яширин йўллар орқали ноқонуний муомаласи пайдо бўлган.
Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, аҳоли орасида наркотиклар тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қўшма ҳаракатлари асосида 15 январдан бошлаб “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилиши ташкил этилди.
Комплекс тадбирлар ўз олдига аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмолига муросасиз муносабатни шакллантириш каби мақсадни қўйган.
Бунда, пойтахт ҳудудидаги барча 468 мактаб ва 90 олий таълим муассасаси, 585 маҳалла, корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳоли гавжум жойларда учрашувлар ўтказилмоқда. Тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик тадбирлар ташкил этилаётир.
Шу билан бирга, интернет ва ижтимоий тармоқлар воситасида наркотикларни сотиш ҳолатларини аниқлаш, уларнинг уюшган жиноий схемаларини фош этиш, ёшлар орасида ушбу моддаларнинг тарқалишига чек қўйиш бўйича манзилли тезкор-профилактик чоралар кўрилади.