Сирдарёлик эндоваскуляр жарроҳ Хуршид Ҳакимов 2017 йили Тошкент тиббиёт академиясини тамомлагач, Москва шаҳрида жойлашган академик А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида клиник ординатура бўйича таҳсил олган. Шундан сўнг илмий фаолиятини давом эттириш мақсадида мазкур муассасада аспирантура йўналиши бўйича ўқиган.
2020 йил эса Москва вилоятидаги нуфузли тиббиёт марказига ишга таклиф қилиншган. Эътиборлиси, мазкур муассасадаги бир йиллик фаолияти давомида ёш жарроҳ мустақил равишда 200 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик операцияси, 500 дан зиёд юқори технологияли диагностик амалиётларни муваффақиятли бажарди.
Ўтган йили юртимизга қайтган малакали мутахассис Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида иш бошлади.
"Очиғи, 3-4 йил аввал кимдир менга Ўзбекистонга қайтасан, хорижда бажарган ноёб операцияларингни туғилиб ўсган юртинг – Сирдарёда амалга оширасан деса, ишонмасдим. Сабаби ўша пайт менда бироз ҳадик ва иккиланиш бор эди. Бироқ вилоятга келиб кўрдимки, бу ердаги шароитлар, энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар хориж клиникаларидан қолишмайди", дейди Х.Ҳакимов.