Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидованинг маълум қилишича, айни вақтда таксоматлар Республика ОИТСга қарши курашиш маркази биносида, Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда, шунингдек, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси аэропортларида ҳамда Жиззах вилоятидаги Зомин санаторийсида ўрнатилган.

Шу кунга қадар 300 нафардан ортиқ фуқаро ушбу таксоматлар орқали сўлак ёрдамида ОИВ инфекцияси бўйича ўзини мустақил текширувдан ўтказган.

Тест бепул, махфий ва тиббиёт ходими иштирокисиз ўтказилади. Текширув учун қон топшириш ёки махсус лаборатория ускуналаридан фойдаланиш талаб этилмайди. Натижа тахминан 20–40 дақиқа ичида олинади.

Таксоматдан фойдаланиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сканер қилиб, сўлак тестини олади ва текширувни мустақил амалга оширади. Шахсий маълумотлардан белгиланган тартибда фуқаро билан қайта алоқа ўрнатиш, тиббий маслаҳат бериш ва зарур хизматларга йўналтириш учун фойдаланилади.

Агар тест натижаси мусбат чиқса, бу якуний ташхис ҳисобланмайди. Фуқаро натижани тасдиқлаш учун ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказига мурожаат қилиб, қўшимча лаборатория текширувидан ўтиши лозим. Ташхис тасдиқланган тақдирда, бемор бепул тиббий назоратга олинади ва антиретровирус даволаш хизматлари билан таъминланади.

Қайд этилишича, таксоматларни жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги ОИВ инфекциясига қарши курашиш тизимини янада кучайтиришга оид қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.