Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов аҳолига мурожаатида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, рақамли тараққиёт билан бир қаторда трансчегаравий киберхавфлар ҳам ортиб бормоқда. Бундай жиноятлар ортида минглаб фуқароларнинг маблағлари, оилавий фаровонлиги ва хотиржамлиги турибди.

Рамазон Ашропов кибержиноятларга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмаслигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, фирибгарлар кўп ҳолларда одамларнинг соддалиги, бепарволиги ва рақамли саводхонлиги етарли эмаслигидан фойдаланмоқда.

Вазир ўринбосари аҳолига киберхавфлардан ҳимояланиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилишни тавсия қилди:

Биринчидан, ижтимоий тармоқлар орқали келган шубҳали ва номаълум файлларни, айниқса APK форматидагиларни очманг ва юклаб олманг. Ҳатто файл яқин инсондан келган бўлса ҳам, уни очишдан аввал ишончлилигини текшириш лозим.

Иккинчидан, ўзини турли идоралар ходими сифатида таништирган нотаниш шахсларнинг гапига ишонманг. Телефон орқали ҳеч кимга код ёки пароль бермаслик керак.

Учинчидан, пулни қисқа вақт ичида бир неча баравар кўпайтиришни ваъда қиладиган турли онлайн платформалар ва таклифлардан эҳтиёт бўлинг.

Тўртинчидан, онлайн савдода сотувчининг ишончлилигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, олдиндан тўлов амалга оширманг.

Бешинчидан, банк картасининг PIN-коди ва телефонга келган SMS-кодни ҳеч қачон ҳеч кимга айтманг.

Рамазон Ашропов киберхавфсизликни таъминлашда ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари ва зиёлиларнинг ҳам фаол иштироки муҳимлигини таъкидлади.

«Хавфсиз кибермакон — бу барчамизнинг умумий масъулиятимиздир», — деди Ички ишлар вазири ўринбосари.