Учрашув ФарДУ жамоасининг собиқ бош мураббийи Сергей Лебедев хотирасига бир дақиқалик сукут билан бошланди.
Биринчи бўлимнинг 45+1-дақиқасида меҳмонлар вакили Норхон Шерипов Ферузжон Зокировга нисбатан қўпол ўйин намойиш этди. Бош ҳакам дастлаб футболчига сариқ карточка кўрсатди. Бироқ VAR аралашувидан сўнг қарор ўзгартирилиб, Шерипов майдондан четлатилди. Натижада ФарДУ ўйинни бир киши кам бўлиб давом эттирди.
56-дақиқада «Металлург» дарвозаси олдидаги вазиятдан сўнг тўп дарвозабон Дилшод Ёқубовга тегиб, дарвоза чизиғидан ўтди. Шу тариқа мезбонлар ҳисобни очди — 1:0.
78-дақиқада бурчак тўпидан кейин Расулжон Абдураҳмоновнинг бош билан йўллаган зарбаси рақиб футболчиси Марко Миличковичнинг қўлига тегди. VAR ёрдамида вазиятни кўриб чиққан бош ҳакам «Металлург» дарвозаси томон пенальти белгилади. Риан Исломов 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Учрашувнинг асосий вақтида бошқа гол киритилмади. Қўшимча 30 дақиқада ҳам жамоалар рақиб дарвозасини ишғол эта олмади.
Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда ФарДУ футболчилари аниқроқ ҳаракат қилиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.
Энди ФарДУ кейинги босқичда «Олимпик MobiUz» жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс ғолибини Суперлига жамоасига қарши плей-офф учрашуви кутиб турибди.
«Металлург» — ФарДУ — 1:1 (пенальтилар серияси — 2:4).
Ҳамкорлик материали