Беш кунга мўлжалланган мусобақа "Муз лентаси" миллий конькида учиш стадионида бўлиб ўтади. Бу йилги ўйинлар дастурига 51 та мусобақа йўналиши киритилган.
Бу йил роботларнинг имкониятларини намойиш этишга қаратилган мусобақалар имитация майдонларидан реал объектларга кўчирилди. Жумладан, роботлар заводлар, меҳмонхоналар ва махсус жиҳозланган уйларда синовдан ўтказилади. Шу тариқа гуманоид роботларни шунчаки технологик намойиш воситаси эмас, балки ҳақиқий ишларни бажара оладиган тизим сифатида ривожлантиришга устувор аҳамият бериляпти.
Ўйинлар Пекин шаҳри халқ ҳукумати, Хитой Медиа корпорацияси (China Media Group), Жаҳон робототехника соҳасидаги ҳамкорлик ташкилоти ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги робототехника бўйича Жаҳон кубоги халқаро кенгаши томонидан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай мусобақалар технология алмашинуви, саноат соҳасидаги ҳамкорлик ва жисмоний муҳитда ҳаракат қила оладиган сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга қаратилган.
Гуманоид роботлар ўртасидаги бундай ўйинлар илк бора 2025 йил август ойида ўтказилган. Унда 16 давлатдан 280 та жамоа ва 500 дан ортиқ гуманоид робот иштирок этган, деб хабар берди Kazinform.