Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлар қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкиллаштирилди. Унда юртимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раислари, диний конфессиялари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йилнинг ноябрь ойидан Ўзбекистонда “Яшил Макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча диаспора вакиллари ушбу лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Марказ ва диний конфессия раҳбарлари тадбир ҳақида ўз фикрларини билдириб, Ўзбекистон азалдан ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва эътиқодидан қатъий назар, барча инсонлар учун муқаддас замин, ягона Ватан бўлиб келганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев:
“Барчага маълумки, давлатимиз раҳбари ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ташаббусини илгари сурган эди. Бу лойиҳа Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди оширилади. Ўйлайманки, Ўзбекистон Республикасида яшовчи барча миллат ва элатлар юртимиздаги тинчилик ва осойишталикни намоён этувчи бағрикенглик боғини барпо этишади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси юртимизда фаолият юритувчи 150дан ортиқ миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари томонидан бирдек қўллаб қувватланди. Улар ушбу лойиҳада фаол иштирок этмоқда. Ўтган йили биз ҳамкасбларимиз билан, турли миллат ва элат вакиллари билан пойтахтимиздаги “дўстлик боғи” ҳудудида алоҳида ер майдони ташкил қилиб дарахт кўчатларини эккан эдик. Бугун, “Янги Ўзбекистон” боғида “бағрикенглик боғи”ни барпо этмоқдамиз. Ўйлайманки, келажакда ушбу боғ юртимиздаги тинчлик ва тотувликнинг амалдаги исботи бўлиб хизмат қилади.”
Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборов: “Миллий маданий марказ фаоллари ва ёшларимиз билан биргаликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бағрикенглик боғини барпо этдик. Дарҳақиқат шуни айтишимиз керакки, ушбу лойиҳа ҳамма учун бирдек ибрат бўладиган бир дастур бўлди. Биз жуда ҳам мамнунмиз. Чунки “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчатлар яхши ниятлар билан экилиб, келажакда янги авлодга эсда қоларлик боғлар қолишига ишонамиз. Ҳар бир дараҳт инсонларни керакли бўлган кислород билан таъминлайди. Бу борадаги ишлар бардавом бўлишини тилаб қоламан. Барча ватандошларимизни ушбу лойиҳада қатнашишга чақираман”.
Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳонова: “Давлатимиз раҳбарининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшгани келдик. Албатта ушбу лойиҳани мазмуни жуда ҳам катта. Чунки, ҳаммамизга тоза ҳаво, мусаффо осмон керак. Нафақат Тошкентда, балки, бутун Ўзбекистон бўйлаб ушбу лойиҳа катта бир қувонч билан, ҳаракат билан ажралиб турибди. Бугун биз барча миллий маданий марказ ва диний кофессиялар билан биргаликда бағрикенглик боғини биргаликда яратиб, лойиҳанинг кейинги босқичларида ҳам ўзимизнинг ҳиссамизни қўшамиз деб ўйлайман. Биз албатта ҳар доим экилган дарахтларни парваришлаб боришда давом этамиз.”
Қайд этиш жоизки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда мамлакатимизда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экиш режалаштирилган. Бу борада юртимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар вакиллари ҳам фаол бўлишларига ишонамиз.
Баҳор кириб келиши билан бугун юртимиз бўйлаб ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Негаки, бугун эрта борлиқ уйғониб, боғу-роғлар яшилликка бурканади. Биламизки, яхши ният билан экилган дарахт кўчатларининг сояси ҳам, меваси ҳам кун келиб инсонларга фойда беради. Қолаверса атроф-муҳит софлигига, экологик вазиятнинг яхшиланишига хизмат қилади.
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан
дўстлик алоқалари қўмитаси
Матбуот хизмати