Қўмитага кўра, айрим ҳолатларда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган тижорат мақсадидаги ахборотлар реклама сифатида белгиланмасдан эълон қилинмоқда.
«Реклама тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ, реклама бошқа ахборотдан «реклама» ёки «реклама ҳуқуқи асосида» деган белги билан аниқ ажратиб кўрсатилиши лозим.
Шунингдек, таҳлилий мақола, шарҳ, фикр ва мулоҳазаларда тижорат мақсади кўзланган бўлса, улар ҳам реклама сифатида белгиланиши керак.
Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари, блогерлар, вайнерлар ҳамда бошқа тармоқ фаолларини ахборот ва реклама материалларини тарқатишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.
Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.