Ўтган йиллар давомида бизнинг оиламиз қийинчиликларни бошдан кечирди, моддий жиҳатдан етишмовчилик кузатилди. Лекин ёш бўлишимизга қарамай укаларим билан ишлаб, онамга кўмаклашдик, уларга елкадош бўлдик. Шу вақт оралиғида Тошкент юридик коллежини тамомлаб, биринчи йил университетга ўқишга кира олмадим. Лекин бир йил давомида ўқишга пухта тайёрланиб, 2020 йил Тошкент давлат шарқшунослик университетига контракт асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳозирги кунда ушбу олийгоҳнинг иккинчи босқич талабасиман.
2021 йилнинг 17 сентябрида қабул қилинган ҳукумат қарори билан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4 курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан – 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб берилиши белгиланган. Шу сабабли мен ҳам ўзим таҳсил олаётган университет деканатига ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим этдим. Мурожаатим университет томонидан Тошкент вилояти ҳокимлигига юборилди. Вилоят ҳамда Янгийўл туман ҳокимлиги ходимлари хонадонимизга келиб, ижтимоий аҳволимизни ўрганди. Отам вафот этгани, укам ҳам 2021 йилда Тошкент давлат техника университетига контракт асосида ўқишга кирганини ҳисобга олиб, менга 2021/2022 йил тўлов-контрактим юз фоиз тўлаб берилди. Ўқишимнинг кейинги йиллари учун ҳам контракт пуллари давлат омонидан тўлаб берилади. Мурожаатим тез фурсатда ижобий ҳал этилганидан жудаям хурсанд бўлдим, давлатимизнинг, Президентимизнинг биз ёшларга ғамхўрлигини дилдан ҳис этдим.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс бунёдкорлари сифатида биз ёшларга катта ишонч билдирмоқда, бунинг учун бизга барча шарт-шароитларни яратиб беряпти. Мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилиб, кам таъминланган оилалар фарзандларининг олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари учун моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
2021 йил мен ва бизнинг оиламиз учун ҳар жиҳатдан омадли йил бўлди, десам муболаға бўлмайди. Укам университет талабаси бўлди. Менга ҳукуматимиз томонидан тўлов-контрактим учун ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Энг асосийси, онамнинг орзулари амалга ошаётганидан бахтиёрман.
Айни пайтда университда форс-инглиз йўналишига таҳсил оляпман. Шу боис инглиз ва форс тилларини ўрганяпман. Президентимизнинг биз ёшларга яратиб бераётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, келажакда халқаро ташкилотларда фаолият юритиб, мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка ҳамда юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Мафтуна Абдураҳмонова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси