“Ўзагроинспекция” фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан, инспекция органлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижросини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан доимий равишда мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Шу мақсадда, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан жорий йил май ойининг ўтган 20 куни давомида 937 маротаба назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 137 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, “Ўзагроинспекция”нинг Иштихон тумани бўлими томонидан ўтказилган 87 та назорат тадбирларининг 28 тасида, Пастдарғомда 58 та назорат тадбирларининг 18 тасида, Ургут туманида 62 та назорат тадбирларининг 20 тасида, Оқдарё туманида 93 та назорат тадбирларининг 11 та ҳолатда қонунбузилишлар содир этилди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чорасини кўриш юзасидан 39 та қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларига нисбатан ёзма кўрсатмалар берилиб, 86 та маъмурий қарорлар қабул қилинди. Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига 1 та тақдимнома киритилган бўлиб, 11 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди. Келгусида юқоридаги сингари қонунбузилиш ҳолатлари содир этилмаслиги юзасидан 775 та қишлоқ хўжалиги корхоналари расман огоҳлантирилди, дея хабар бермоқда “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.
Ўтказилаётган назорат тадбирларидан кўзланган асосий мақсад, қишлоқ хўжалиги соҳасида кучли қонунчилик базасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишдан иборат.