Маълумки, балиқчилик қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад соҳаларидан биридир. Балиқчилик тармоғини ривожлантириш билан бир қаторда, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромадларини ошириш мақсадида ҳудудларда бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш ҳамда кооперация усулида “хонадон – кооперация‑кластер” занжири яратилиб, балиқ етиштирувчи хонадонлар сони 800 тага етказилди. Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Қарши, Китоб ва Сариосиё туманларида 134 та хонадонда форель балиқларини етиштириш йўлга қўйилди.
800 та ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланиб, етиштирилган балиқлар ҳажми минг тоннага етказилди.
Жиззах вилоятида “Gold fish agro export” МЧЖ балиқчилик кластери томонидан эксперимент тариқасида Ш. Рашидов, Зарбдор ва Зомин туманларида “хонадон-кластер” кооперация усулида балиқ етиштириш ташкил этилиб, аҳоли бандилигини таъминлаш борасида ишлар бошлаб юборилди.
Шунингдек, республикада балиқ етиштириш ҳосилдорлиги паст бўлган сунъий сув ҳавзаларига аэратор мосламаларини ўрнатиш ҳисобига балиқ етиштириш ҳосилдорлиги гектаридан 5 бараварга оширилди.
Балиқчилик тармоғининг яна бир муҳим йўналишларидан бири бўлган балиқчилик кластерларини ташкил этиш бўйича жорий йилда 9 та кластерлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 35 тага етказилди ва улар томонидан ҳозирга қадар 29 минг тонна товар балиқ ва 14 минг тонна балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.