28 та қудуқ қурилиш билан тугатилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 34 та қудуқ қурилиш билан тугатилиб, ишлаб-чиқаришга топширилди. Шундан 23 та қудуқ «2017-2021 йилларда углеводород хом-ашёси қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш» Дастури доирасида амалга оширилган бўлса, 11 та қудуқ «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан бурғиланди.
Шу таъкидлаш лозимки, геологларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига Устюрт ҳудудида айрим қудуқларнинг қурилиш конструкцияларига ўзгартиришлар киритилди ва лойиҳавий чуқурликка нисбатан қўшимча бурғилаш ишлари олиб борилди. Бу эса ўз натижасини берди, қудуқлардан кутилган маҳсулотга нисбатан 4-5 баробар кўп миқдордаги углеводород оқими олинишига сабаб бўлди. Жумладан, «Қуйи Сургил» конидаги 14-, 20-, 22-сонли, «Шарқий Бердақ» конидаги 96-сонли қудуқлардан юқори дебитли табиий газ оқими олинди.
Бугунги кунда Устюрт ҳудудида 11 та бурғилаш дастгоҳлари ёрдамида эксплуатация қудуқларни қуриш ишлари олиб бориляпти. Шундан, бурғилаш ишлари давом этаётган «Шарқий Бердақ» конидаги 63-сонли ва «Қуйи Сургил» конидаги 21-сонли қудуқлар лойиҳага нисбатан қўшимча 4 500 метр чуқурликкача бурғиланиб, ушбу оралиқ чуқурликда қудуқни синаш кўзда тутилган.
Жорий йилда иккала дастур бўйича Устюрт ҳудудида 24 та янги қудуқ бурғиланиши ва ишлаб-чиқаришга топширилиши режалаштирилган, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.