Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш ҳамда тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда рағбатлантиришга йўналтириш бўйича вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилда 8 та, 2021 йилда 100 та лойиҳа юзасидан хусусий шериклар билан битимлар имзоланди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 1 трлн. 333 млрд.сўмни ташкил этиб, дастлабки йилларда хусусий шериклар томонидан 146,3 млрд.сўм инвестиция маблағлари киритиш ва бунинг натижасида 144,5 млрд.сўм бюджет маблағларини иқтисод қилиш кўзда тутилган.

Мисол учун, Самарқанд вилояти Нарпай туманида жойлашган ирригация ва мелиорация объектлари ҳамда 8 та насос станцияларини “Мароқанд сифат” МЧЖ кластер ташкилоти бошқарувига бериш бўйича лойиҳанинг умумий қиймати 463 млрд.сўм бўлиб, хусусий шерик томонидан дастлабки йилларда насос станцияларининг 8 дона агрегати тўлиқ таъмирланди, Оқтош-1 насос станцияси биносининг том қисми янгиланди ва Қозоқ-Ариқ каналининг 16 км узунликдаги қисми механизм ёрдамида тозаланди. Бундан ташқари, Хитой давлатидан 500 минг АҚШ доллари эвазига янги (SFWP 105-700 маркали) насос агрегатлари олиб келинмоқда.

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида жойлашган “Шоликор” ва “Шўрузак” насос станциялари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Гулистон Агро Гроуп кластер” МЧЖ бошқарувига берилган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 46,4 млрд.сўм бўлиб, хусусий шерик томонидан бугунги кунга қадар 5 млрд.сўм инвестиция маблағлари киритилиб, реконструкция, модернизация ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 52 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан инвестиция киритилиши ва бунинг натижасида бюджет маблағларининг иқтисод қилиниши кўзда тутилган.